Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти олимларининг илмий ишланмалари намойиш этилди

Нукусда Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасининг ҳудудий тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази, олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ташкил этилган ярмарканинг очилишида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ходими О.Парпиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида инновацион ғоя ва илғор технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш, ишлаб чиқарувчилар ҳамда илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг илмий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу ярмарка ҳудудларнинг инновацион фаолиятини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб этиш, соҳаларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ярмаркада Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ўзларининг 200 дан ортиқ инновацион ғоя, ишланма, лойиҳа ва янги ишлаб чиқилган технологиялари билан қатнашди.

– Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти олимлари, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди Урганч давлат университети профессори Б.Рўзматов. – Бугунги ярмаркада университетимиз ва Хоразм Маъмун академияси олимлари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиаллари профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган 100 дан зиёд илмий ишланма ва лойиҳа билан иштирок этдик.

Намойиш этилган ишланмалар энергия тежамкорлиги, муқобил энергия манбаларини яратиш ва ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари тараққиёти, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, кимё технологияси, озиқ-овқат саноати, хомашё ва енгил саноат соҳаларини ривожлантиришга бағишланган бўлиб, кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали ўқитувчиси Р.Ўтениязов раҳбарлигидаги талабалар томонидан яратилган дастурий ишланмалар, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали ўқитувчиси Р.Юсуповнинг қовун пашшасига қарши махсус ҳимояловчи воситаси, Тошкент архитектура-қурилиш институти катта ўқитувчиси А.Илёсовнинг қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан фойдаланган ҳолда пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳаси мутахассислар эътиборини тортди.

– Икки йиллик изланишлар натижасида яратилган технология ўзининг энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради, – дейди А.Илёсов. – Қишлоқ хўжалиги экинлари чиқиндиси – ғўзапоя ва шоли сомони майдаланиб, тупроққа қориштирилгач, ғишт 900 даражада пиширилади. Қурилишда ишлатилаётган оддий ғишт 1 минг 200 даража иссиқликда тайёр бўлса, бунга 300 даража кам сарфланади. Шунинг ҳисобидан таннархи арзон бўлади. Ғўзапоя, сомон ва тупроқ аралашмасидан тайёрланган ғишт оғирлиги одатдагисидан 800 грамм енгил бўлиб, хона ичидаги иссиқликни кўпроқ сақлаш хусусиятига ҳам эга.

Ярмаркада тадбиркорлик субъектлари, агрофирмалар ва ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари билан кўплаб шартномалар имзоланди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар