ТАТУнинг Нукус филиали директори: 12 нафар профессор-ўқитувчиси Жанубий Корея, Белгия ҳамда Хорватия университетларида малака оширишди

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 15 мартда қабул қилинган «Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳага қаратилган юксак эътибор бўлиш билан бирга филиалимиз профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Мазкур қарорда улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, асраб-авайлашнинг нақадар муҳимлигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш, шунингдек ёшларга таълим-тарбия бериш ва илм-фаннинг юксак марраларини забт этиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда республика иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ва соҳалари учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш каби бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур қарорга мувофиқ, Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди.

Бу эса ўз навбатида буюк аждодларимизнинг бой маданий, адабий меросини ўрганиш баробарида талабаларнинг сифатли таълим –тарбия олишини, келажакда Ватанимиз ривожига, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиалида 5 та таълим йўналиши ҳамда 1 та магистратура мутахассислигида 600 нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Филиалнинг 12 нафар профессор-ўқитувчиси Жанубий Корея, Белгия ҳамда Хорватия университетларида бўлиб, ўз малакасини ошириб қайтишди.

Муҳими шундаки, ушбу қарорга кўра университетнинг энг фаол, иқтидорли ва зийрак талаба-ёшларига Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендиянинг жорий этилишидир. Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш мақсадида бир қанча вазифаларни белгилаб олдик, шунингдек келгуси 2018 йилда улуғ аждодимиз таваллудининг 1235 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан илмий-амалий ва маънавий –маърифий тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

“Ёш дастурчи”, “Web дастурчи”, “Ёш алоқачи”, “Ахборотлар базасини бошқариш тизими”, “Ёш математик”, “Инглиз тилини ўрганамиз” каби кўплаб тўгараклар, “Фикр” дебат клуби, “Қувноқлар ва зукколар”, “Топқирлик”, “Билим ринг” интеллектуал клублари, “Ораста қизлар” ва бир қанча спорт секциялари талабалар ихтиёрида. Бугунги кунда филиалимизда 2 та илмий ўқув лаборатория, 2 та мултимедия видеоконференция зали, 1 та мултимедия лабораторияси, 1 та лингафон, 6 та компьютер хонаси ҳамда электрон ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. Талаба-ёшлар учун зарур шароитлар яратилган бўлиб, улар бу имкониятлардан муносиб фойдаланиб келмоқда.

Мухтасар айтганда, бугун филиалимизда олиб борилаётган ишлар ҳамда Президентимизнинг мазкур қарори профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба ёшларнинг янада шижоат билан ўқиб изланишига, юксак марраларни забт этишига қанот бағишлайди.

Ботирбек Қаипбергенов,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали директори, техника фанлари доктори.

Бўлимлар