Чимбойда 5 нафар ёшларнинг бизнес режалари кредит олиш учун банкга тавсия этилди

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича14 ёшдан 30 ёш оралиғидаги ёшлар 587 минг 515 нафарни ташкил этади. Шулардан 19 минг 522 нафари эса уюшмаган ёшлардан иборат.

O‘zLiDeP Чимбой туман Кенгаши томонидан “Ватанимизнинг келажаги учун масъулмиз!” шиори остида “Ёш мулкдор – юрт таянчи” ҳамда “Диплом билан бизнесга” лойиҳалари доирасида ташкил этилган семинар-тренингда туман ва шаҳар бўйича 30 нафар уюшмаган ёшлар ҳамда коллеж битиручилардан жами 420 нафарининг иштироки  қамраб олинди.    

Шунингдек, ёшларда тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига бўлган қизиқишни кучайтириш, ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратиш, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари ҳамда уюшмаган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида интелектуал ўйинлар, қизиқарли танловлар уюштирилди.

–Бугунги кунда Чимбой тумани бўйича 1100 дан ортиқ партия аъзоларининг 523 нафарини ёшлар ташкил этиб, улар 45 та қуйи бўғинга бириктирилган ҳолда фаолият кўрсатмоқда, – дейди O‘zLiDeP туман Кенгаши аппарат раҳбари Б.Ганиев. – Бинобарин, ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, жамият қурилишида мавжуд бўлган тартиб ва қоидаларга амал қилган ҳолда унинг фаол иштирокчисига айланиши лозим. Кун давомида коллеж битирувчилари ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида ташкил этилаётган тақдимот ва семинар-тренинглар ҳам йиғилганларга ўзгача таассурот қолдирмоқда.  

– Бугун мамлакатимизда тадбиркорларнинг йили келди, – дейди “Ишбилармон талаба” стипендияси танловининг 2016 йилдаги 1-ўрин соҳибаси, Чимбой агро-саноат касб-ҳунар коллеж ўқувчиси Захида Шарибаева. – Соҳани янада ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар, қулайликларни айтмаса ҳам бўлади. Тўғриси, бугун соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларни кўриб, фақат меҳнат қилгинг, тер тўкиб ишлагинг келади. Шу мақсадда мен ҳам “Агробанк” туман бўлимидан 7,5 млн сўм миқдорида кредит олиб, тикувчилик фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман. Мақсадим тенгдошларимни иш билан таъминлаб, жамият ривожига ўз ҳиссамни қўшиш.

Тадбирда шунингдек, банк, солиқ,  “Ягона дарча” маркази, суғурта компанияси ходимлари билан кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагида бўлган маҳаллалардаги ишсиз юрган уюшмаган ёшлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳалари ўрганилиб, 5 нафар ёшларнинг бизнес режалари кредит олиш учун банкга тавсия этилди.

Тадбир сўнггида тажрибали мутахассислардан йўл-йўриқ ва тавсиялар олган маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари бизнесни бошлашдаги дастлабки ва кейинги босқич жараёнларида учрайдиган баъзи бир муаммоларни ҳал этишнинг самарали усулларини ўрганишга эришди.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати.     

Kruz.uz сайтини Telegram'даги каналимиз орқали кузатиб боринг

Бўлимлар