“Nukus textile” корхонаси фаолиятига назар соламиз

Қорақалпоғистон Республикасидаги “Nukus textile” корхонасига 2012 йилда Швейцариянинг Rieter, Туркиянинг TTM.Ltd.Sti, Suflet baski Ltd Sti, Sanko Tekstil, Beneks Ltd.Sti , Япониянинг Tajima Industries Ltd каби ип калава ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий дастгоҳлари келтирилиб ўрнатилди.

Бундай дастгоҳларда тайёрланаётган ип калава ҳамда трикотаж маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорда харидорлари кўпайди. Ўтган йилнинг июнь ойида “Massaget textile” масъулияти чекланган жамияти муассислигида қайта ташкил этилган мазкур корхонада ўз маблағи ҳамда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти кўмагида 1 минг 109 тонна пахта толаси келтирилиб, тўқимачилик маҳсулотлари ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш кенгайтирилди.
Ўтган йилнинг июль-декабрь ойларида жами 7 миллиард 218 миллион 389 минг сўмлик ип калава ишлаб чиқаришга эришилди. Шундан қиймати 916 миллион 752 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Россия Федерациясига экспорт қилинди. Жорий йилнинг ўтган ойларида эса қиймати 532 минг АҚШ долларлик маҳсулот Россия Федерациясидаги “Династия” савдо уйига шартнома асосида жўнатилди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бошқа давлатларда ҳам қизиқиш ортмоқда.

Бугунги кунда корхонада иш уч навбатда ташкил этилган бўлиб, 300 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксариятини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ташкил этади. Ишчиларнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Улар махсус кийим-кечак ҳамда иссиқ овқат билан таъминланган. Тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган, махсус автобус ишчилар хизматида.

— Асосий хомашё пахта толасини тайёрлашдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён компьютер ёрдамида амалга оширилади, — дейди корхона раҳбари Абдимўмин Каттақулов. — Тикув цехида 100 нафарга яқин ишчи ходим меҳнат қилиб, 8-10 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда асосан касб-ҳунар коллежларини битирган ҳамда бандликка кўмаклашиш маркази томонидан касбга қайта ўқитилган мутахассислар меҳнат қилмоқда. Корхонамизда Нукус саноат, Нукус маиший хизмат ва иқтисодиёт, Нукус қурилиш касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ишлаб чиқариш амалиётини ўтаб, шу ерда доимий иш билан таъминланмоқда.

— Нукус маиший хизмат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тугатиб, ўз мутахассислигим бўйича шу ерда ишлаяпман, — дейди Несибели Нурабуллаева. — Замонавий тикув машиналарида ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз экспорт қилинаётганидан хурсандмиз.

Енгил саноат корхоналарини жадал ривожлантириш, уларни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, хорижий сармоядорларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда иқтисодиётнинг барқарор ўсишига, халқимиз фаровонлигининг ортишига эришилмоқда.

“Nukus textile” масъулияти чекланган жамиятида Швейцариянинг Rieter компанияси билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳасига кўра қиймати 3,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган замонавий технологиялар келтириб ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Бу янги ишлаб чиқариш линияси 2018 йилда ишга туширилиб, экспорт салоҳияти янада ортиши, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

А.ОРТИҚБОЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.

Kruz.uz сайтини Telegram'даги каналимиз орқали кузатиб боринг

Бўлимлар