АПЛ. Чемпионлар лигасига қайси жамоалар йўлланма олади?

Англия Премьер лигаси айни қизғин паллага кирди.  Йўқ,  бу ерда чемпионлик учун кураш қизиқарли кечмаяпти.  Асосий кураш Чемпионлар лигаси учун бериладиган йўлланма учун кечиши аниқ.  1-ўринда бораётган “Челси”,  5-поғонадаги “Манчестер Юнайтед”дан 18 очко илгарилаб кетганини,  чемпионат тугашига 7 тур қолганини инобатга оладиган бўлсак,  “аристократлар” деярли Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиб бўлишди.  Хаттоки Конте шогирдлари қолган 7 ўйинда ютқазган тақдирда ҳам,  “қизил иблислар”нинг 100 фоизлик натижа қайд этиши амри маҳол. 

2-ўринда кетаётган “Тоттенхэм” жамоаси эса МЮдан 11 очко илгарилаб кетган.  Демак,  Почеттино шогирдлари ҳам ЧЛ йўлланмасига эга чиқишлари кутилмоқда.

Асосий кураш қолган 4 жамоа “Ливерпуль”,  “Манчестер Сити”,  “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал” ўртасида кечади.  Мавсум аввалида ушбу тўртлик 3-4-ўринлар учун курашади деса кўпчилик ишонмасди.  Бироқ бу бугунги куннинг ҳақиқатига айланиб улгурди. 

Энди 4 та жамоанинг ҳам қолган ўйинлар тақвими ва уларнинг имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтсак.

“Ливерпуль” 32 ўйин.  63 очко.  3-ўрин

16.04 “Вестр Бромвич” – “Ливерпуль”

23.04 “Ливерпуль” – “Кристал Пелас”

01.05 “Уотфорд” – “Ливерпуль”

07.05 “Ливерпуль” – “Соутгемптон”

13.05 “Вест Хэм” – “Ливерпуль”

21.05 “Ливерпуль” – “Мидлсбро”

Энг осон тақвим “Ливерпул”да десак асло муболаға бўлмайди.  Клопп шогирдлари кучли олтиликдаги барча жамоалар билан икки мартадан ўйнаб бўлишди ва уларда энг яхши кўрсаткич қайд этишди.  Бироқ “қизиллар”нинг муаммоси бу аутсайдер ва ўртамиёна жамоалар ҳисобланади.  Ливерпулликлар кутилмаганда очко йўқотишлари кўп бора қайд этилган.  Бироқ Клоппнинг жамоаси Чемпионлар лигасига йўлланмасига эга чиқишига шубҳа қилувчилар камчиликни ташкил қилса керак. 

 

“Манчестер Сити”.  31 ўйин.  61 очко.  4-ўрин

15.04 “Саутгемптон” - “Манчестер Сити”

22.04 “Манчестер Сити” – “Вест Бромвич”

27.04 “Манчестер Сити” – “Манчестер Юнайтед”

30.04 “Мидлсбро” - “Манчестер Сити”

06.05 “Манчестер Сити” – “Кристал Пэлас”

13.05 “Манчестер Сити” – “Лестер”

21.05 “Уотфорд” - “Манчестер Сити”

Гвардиола Испания ва Германиядаги 7 йиллик фаолияти давомида 6 марта чемпион бўлиб,  атиги 1 марта 2-ўринни эгаллаган эди.  У Англияда ҳам муваффақиятага эришиши кутилаётган эди.  Аммо Пеп Туманли албионда чемпионликни эмас,  ЧЛда бериладиган йўлланмани орзу қилиб юрибди.  “Шаҳарликлар”нинг тақвими ҳам чакки эмас.  Улар энг асосий рақиби бўлган “Юнайтед”ни ўз майдонида қабул қилишларини инобатга олсак,  “Сити”нинг 4-ўринни қўлга киритишга бўлган имконияти,  ҳамшаҳариникидан юқори. 

 

“Манчестер Юнайтед”.  30 ўйин.  57 очко.  5-ўрин

16.04 “Манчестер Юнайтед” – “Челси”

23.04 “Бёрнли” - “Манчестер Юнайтед”

27.04 “Манчестер Сити” – “Манчестер Юнайтед”

30.04 “Манчестер Юнайтед” – “Суонси”

07.05 “Арсенал” - “Манчестер Юнайтед”

13.05 “Тоттенхэм” - “Манчестер Юнайтед”

21.05 “Манчестер Юнайтед” – “Кристал Пэлас”

Сер Алекс Фергюсон даврида “Юнайтед”нинг энг ёмон натижаси 3-ўрин эди.  “Қизил иблислар”ни чемпионликдан бошқаси қониқтирмасди.  Бироқ охирги 3 йилда клуб ҳаттоки медалларни эмас,  ЧЛга бериладиган йўлланмани ҳавас қилишларига тўғри келмоқда.  Жамоа бошқарув рулига Моуриньо келгани ҳам ҳеч қандай наф бермаяпти.  Ибрагимович жамоадошларини олдинда дахшатли тақвим кутиб турибди.  Клуб ўз майдонида “Челси”ни қабул қилса,  меҳмонда “Сити”,  “Арсенал” ва “Тоттенхэм” билан куч синашади.  Моур шогирдлари айни пайтда бор диққат эътиборларини Европа лигасига қаратишмоқда.  Шу боис “иблислар”нинг 4-ўринни қўлга киритишлари тугул,  5-поғонани сақлаб қолишлари ҳам осон бўлмайди.  Агар Жозе жамоасини кучли тўртликка олиб кира олса,  бу ҳақиқий қаҳрамонлик бўлади.

 

“Арсенал”.  30 ўйин.  54 очко.  6-ўрин

17.04 “Мидлсбро” - “Арсенал”

22.04 “Арсенал” – “Сандрленд”

26.04 “Арсенал” – “Лестер”

30.04 “Тоттенхэм” - “Арсенал”

07.05 “Арсенал” - “Манчестер Юнайтед”

13.05 “Сток Сити” - “Арсенал”

21.05 “Арсенал” – “Эвертон”

Венгер АПЛда 4-ўринлар мутахассиси сифатида эътироф этилади.  Бироқ француз мураббийи бу йил бу вазифани уддалаши амримаҳол.  “Сити”дан 7 очкога орқада бораётган “Арсенал” келаси мавсумда катта эҳтимол билан Европа лигасида иштирок этади.  “Тўпчилар” учун ҳам тақвим ҳавас қиларли даражада эмас.   Жамоа сўнги 5 ўйиннинг 4 тасини “Лестер”,  “Тоттенхэм”,  “МЮ” ва “Эвертон” билан ўтказади.  Бу жамоалар билан ўйинларда Лондонликлар 100 фоизлик натижа қайд этган тақдирларида ҳам ЧЛга чиқишларига кафолот йўқ.  Балки жаноб Арсеннинг кетадиган пайти етиб келгандир.

Хулос ўрнида айтадиган бўлсак,  ЧЛга бериладиган қолган иккита йўлланмага “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” жамоалари эга чиқишса ажаб эмас.  “Манчестер Юнайтед”да ҳам яхши имконият бор.  Моуриньо шогирдлари Европа лигасида бош совринни қўлга кирита олишса,  клублар ўртасидаги биринчи рақамли турнирга қайтишлари мумкин.  Акс ҳолда дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиси яна Европа лигаасида ўйнашига тўғри келади.

 

Фурқат Юсупов

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар