Кучли бешлик. Ўз майдонида энг кўп очко тўплаган жамоалар ТОП-10

Кучли бешлик чемпионатларида ўз майдонида энг кўп очко қўлга киритган жамоалар ҳақида биласизми? Қуйида бу ҳақда маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

10.  “Эвертон”.  16 ўйин.  11-4-1.  Т-Н:  38-12.  37 очко

Ливерпулликлар ўз майдонларидаги ўйинларни ажойиб тарзда ўтказишмоқда.  Клуб Премьер лигада уйдаги ўйинлар бўйича кучли тўртликка кирган.  Жамоа ўз майдонида “Манчестер Сити” устидан йирик 4: 0 ҳисобида устун келганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.  Шунингдек,  “Арсенал” жамоаси ҳам бу клуб стадионидан очкосиз қайтган.

9.  “Ливерпуль”.  16 ўйин.  11-4-1.  Т-Н:  41-16.  37 очко

Ливерпулнинг яна бир жамоаси “Ливерпуль” ҳам ўз майдонида ҳозирча 37 очко жамғарган.  Клопп шогирдлари “Энфилд Роуд”да фақатгина “Суонси”га имкониятни бой беришган.  “Арсенал”,  “Тоттенхэм”,  “Манчестер Сити” каби клублар эса “Ливерпуль” майдонини мағлубият билан тарк этишган.

8.  ПСЖ.  15 ўйин.  10-5-0.  Т-Н:  34-6.  38 очко

Париж клуби ҳам ўз майдонида дахшатли ўйин намойиш этади.  Мисол тариқасида ЧЛдаги “Барселона”га қарши ўйинни келтириб ўтишимиз мумкин.  Эмери қўл остидаги клуб “Парк де Пренс”да чемпионатдаги 5 та жамоага очко улашган.  Қолган 10 та клуб эса бу стадиондан фақатгина мағлубият билан ортга қайтишга мажбур бўлишган.

7.  “Челси”.  15 ўйин.  13-0-2.  Т-Н:  39-11.  39 очко

АПЛда яққол пешқадамлик қилаётган “Челси” ўз уйидаги 15 ўйиннинг 13 тасида зафар қучиб,  2 тасида имкониятни бой берган.  “Аристократлар” майдонидан 3 очко билан қайтиш бахти “Ливерпуль” ва “Кристал Пэлас” клубларига насиб этган.  “Стемфорд Бридж”дан “Лестер”,  “Манчестер Юнайтед”,  “Эвертон” жамоалари йирик,  “Тоттенхэм”,  “Арсенал” ва “Манчестер Сити” клублари эса кичик мағлубият билан қайтишган.

6.  “Ницца”.  16 ўйин.  12-4-0.  Т-Н:  33-12.  40 очко

Балотелли тўп сураётган “Ницца” майдонидан Лига1 клубларининг ҳеч бирига 3 очко билан қайтиш насиб этмаяпти.  “Кан”,  “Мец”,  “Бастия” ва “Лилл” бу – “Ницца” майдонида дуранг ўйнаган жамоаларнинг номлари.  Клуб айни пайтда чемпионлик учун кураш олиб бормоқда ва меҳмонда ҳам шундай ўйнашда давом эца,  балки шохсупага Супер Марионинг жамоадошлари чиқиши ҳам мумкин.

5.  “Реал Мадрид”.  16 ўйин.  12-4-0.  Т-Н:  40-15.  40 очко

Мадрид клуби Ла лигда пешқадамлик қилмоқда.  Зидан шогирдларини “Сантяго Бернабеу”да таслим қила оладиган жамоа ҳозирча топилмаяпти.  “Галактикос” ўз уйида “Атлетико”,  “Лас Палмас”,  “Эйбар” ва “Виляреал” жамоаларига очко улашган.  Жамоани 23 апрелда “Барселона” билан жиддий ўйин кутиб турибди.  Агар “бланкос” бу ўйинда ижобий натижа қайд эта олса,  5 йиллик танаффусдан сўнг яна Премьеро тахтига қайтади.

4.  “Монако”.  15 ўйин.  13-1-1.  Т-Н:  52-11.  40 очко

Кучли бешлик жамоалари орасида ўз уйида энг кўп гол урган жамоа “Монако”дир.  “Князликлар” чемпионатдаги 15 учрашувда рақиблар дарвозаларини 52 марта ранжитишга муваффақ бўлишган.  Фалкао жамоадошларининг майдонидан уч очко билан қайтган ягона жамоа бу “Лион”дир.  “Монако” шундай ўйнашда давом эца,  узоқ кутилган чемпионлик орзусига етишиши аниқ.

3.  “Рома”.  15 ўйин.  14-0-1.  Т-Н:  42-11.  42 очко

Римликлар майдонига сафар қилган 15 та жамоанинг 14 таси ўз уйига очкосиз қайтишига тўғри келган.  Фақатгина “Наполи” бу жамоа майдонида ғалаба билан қайтиш бахтига муяссар бўлган.  Афсуски мана шундай юксак натижа ҳам клубга “А” серияда пешқадамлик қилиш учун камлик қилмоқда.  Боиси… а майли,  бу ҳақда кейинроқ.

2.  “Тоттенхэм”.  16 ўйин.  14-2-0.  Т-Н:  39-8.  44 очко

АПЛда уйида энг зўр ҳаракат қилувчи жамоаа “Тоттенхэм”дир.  “Шпорлар” майдонига сафар қилган атиги 2 жамоа бир очко билан ортига қайтган.  “Тоттенхэм” майдонида “Челси”,  “Манчестер Сити” каби грандлар ҳам ҳеч бўлмаганда 1 очко қўлга киритишни орзу қилиб қайтишган.

1.  “Ювентус”.  16 ўйин.  16-0-0.  Т-Н:  40-8.  48 очко

Ўз майдонида максимум очко жамғарган ягона жамоа “Ювентус” ҳисобланади.  Туринликлар уйида ўтказилган барча 16 ўйинни ҳам ўз фойдаларига ҳал қилишган.  Аллегри шогирдлари барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда,  кетма-кет 48 та уй учрашувини мағлубиятсиз ўтказишгани эса катта нарсаларни англатади.  Шундай экан, “Барселона”нинг ушбу жамоа майдонида мағлубиятга учрагани ҳам бежиз эмас.

Фурқат Юсупов  

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар