Нукуслик ўқитувчи Шотландия университетидаги таасуротлари ҳақида айтиб берди

2017 йилнинг 20 январь 3 февраль кунлари бир гуруҳ “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиблари Шотландиянинг Глазго Колидония университетига бориб келдилар. 

42 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари орасида Қорақалпоғистон босқичида 2016 йил “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик танловининг 2-ўрин ғолиби, шаҳримиздаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Хуморой Аширова ҳам бор эди. 
— Икки ҳафталик сафаримиз давомида биз инглиз тили ўқитувчилари ўзимиз учун олам-олам таасуротлар олдик. Лондон шаҳрини томоша қилиш, Келвин Гроу музейи ва санъати галереяси, Эдинбург қасрини айтмайсизми қадимий дунё оламига, тарихга тушиб қолгандек сездик ўзимизни. Лохломенд кўлида қайиқда сайр қилаётиб, дунёнинг шунчалар гўзаллигига яна бир бор амин бўлдик. Чет давлатлардаги ўқитувчилар билан ўзаро тажриба алмашдик.Улардан жуда кўп нарсаларни ўргандик, — дейди Хуморой Аширова. — Бир куни Глазго шаҳридаги хусусий мактабларнинг бирида бўлиб, уларнинг дарс ўтиш жараёнларида бевосита қатнашдик. “Sciense” яъни “Илмий тадқиқот” дарсида кичкина синф ўқувчиларига “Одам организмидаги овқатларнинг сўрилиши” мавзусида дарс бошланди. Болалар ўзларига қулай тарзда гиламларга айлана шаклда ўтириб олишди. Кимдир ошқозон, кимдир оғиз, яна бири тиш, бири ҳазм қилиш йўллари, хуллас овқат ҳазм бўлишида инсон организмидаги барча органларни болалар бўлишиб олишди ва дарс бошланди. Буни қарангки ўқитувчининг маҳорати билан болаларга жуда оддий усулда дарсни тушунтирмоқда. 

Уларни мана шу дарсни фақат ёзма ёки илмий ёндашган ҳолда ўтилганда эди, уларда мана шу дарсни қабул қилиб олиш даражаси анча паст бўлган бўлар эди. Моҳир ўқитувчи қандайдир илмий асосни болаларга тушуниши осон кечадиган самарали усулдан фойдаланмоқда. Бу дарс ўтиш жараёни ва болаларнинг билим ўрганишга бўлган интилишларини кўриб жуда севиндим. 
Ниятим, энди ўша эгаллаган билимимни юртимиздаги ўсиб улғаяётган ўқувчиларимизга ўргатишдир.

Албатта, бугун чет тилини пухта ўрганишни даврнинг ўзи талаб қилаётган бир пайтда ўқитувчиларимизнинг чет давлатларига бориб малака ошириб қайтишлари қувонарли ҳолат.
Зеро, заминимизда вояга этиб келаётган ҳар бир авлоднинг янада билимли, зеҳнли, ақлли, талабчан, маънан ва жимонан соғлом ва албатта комил инсон қилиб тарбиялаш шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи ҳисобланади. 

Мереке МЕРШИЕВА.

Бўлимлар