Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси билан интервью

Жорий йилда бошқа соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилиб, ички ва ташқи бозорлар талабидан келиб чиқиб маҳсулот етиштириш назарда тутилмоқда.

«Қорақалпоғистон тонги» нашри мухбири Ғ.Отажонов бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси Оралбай Қалханов билан суҳбатлашди.

— Айтингчи, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, соҳа истиқболини белгилашда нималарга эътибор қаратилмоқда?

— Бугунги шиддат билан ўзгариб, ривожланиб бораётган замон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам интенсив ривожлантириш ва модернизация қилишни талаб қилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифлари чоғида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эдилар. Биз, ушбу топшириқлар асосида ички ва ташқи бозорлар талабини ҳисобга олиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий соғ¬ломлаштириш вазифасидан келиб чиқиб 2017 йилги иш режаларимизни белгилаб олдик.

— Республикамизда 2020 йилга қадар пахта майдонлари босқичма-босқич қисқариши айтилмоқда. Қисқарган майдонларга қандай экинлар экилиши назарда тутилган?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга оид қарори асосида республикада 2020 йилга қадар 7000 гектар ғўза майдонлари қисқартирилиши белгиланган. Ушбу майдонларнинг 1500 гектарига картошка, 2200 гектарига сабзавот, 700 гектарига озуқа экинлар, 900 гектарига мойли экинлар ва 1200 га ток экиш ҳамда 500 гектарида боғлар барпо қилиш режалаштирилди. Ғўза майдонларини қисқартириш ҳисобидан ҳар бир гектар майдоннинг ўртача ҳосилдорлиги 0,5 центнерга оширилиб, ялпи ҳосилни 180 минг тоннага етказиш белгиланди.

— Шу ўринда жорий йилда қанча майдонга ғўза экилиши назарда тутилганлиги ва қисқарган майдонларга қайси экин турлари экилаётгани ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

— Жорий йилда 92,1 минг гектарга пахта экиш режалаштирилди. Ҳозирги кунда барча туманларда чигит экиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Ҳозирда 20 минг гектардан ортиқ майдонда чигит экиш ишлари сифатли амалга оширилди. Бу йил ҳудудларнинг иқлими ва тупроқ шароитига мос бўлган ғўзанинг асосан тўртта нави экилмоқда шу билан бирга янги истиқболли навлар ҳам синаб кўрилмоқда.

2017 йилда пахтадан қисқартирилган 1,4 минг гектар майдондан самарали фойдаланиш масаласи алоҳида назоратга олиниб, ушбу майдонларнинг 264 гектарига сабзавот, 176 гектарига полиз, 300 гектарига картошка, 180 гектарига мойли ва 140 гектарига озуқа экинлари экилади. Шунингдек, қисқартирилган майдонларнинг 100 гектарига интенсив боғ ва 240 гектарида токзорлар барпо қилинади.

Эътиборлиси, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини мақбуллаштириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. 

Бўлимлар