БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер: «Барча инсонлар ушбу „ўлаётган“ кемаларни кўришлари лозим»

Дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари делегацияси Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпуслар ва халқаро ташкилотлар вакиллари 13−14 апрель кунлари Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Танишув сафари БМТнинг «Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дастури ташаббуси билан ташкил этилди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснернинг маълум қилишича, танишув сафаридан кўзланган мақсад БМТ Қўшма дастурининг биринчи босқичида эришилган натижалар билан танишиш, қатнашчиларга донорларнинг кенг иштироки орқали тузилиши таклиф қилинаётган кўпшериклик фондининг ҳамда Оролбўйи минтақаси ривожига қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг аҳамияти ҳақида маълумот беришдан иборат. Унинг таъкидлашича, Кувайт элчиси, Россия элчихонаси ҳамда TIKA (Туркия) ва KOICA (Жанубий Корея) вакилларидан иборат меҳмонлар мазкур глобал кўламли муаммога қизиқиш билдирган.

«Иккинчи фаза [БМТ Қўшма дастури] доирасида БМТ агентликлари ва ҳукумат ўртасидаги қўшма тадбирларни мувофиқлаштириш учун платформа вазифасини бажарувчи мақсадли кўпшериклик фондини ташкил этиш таклиф қилинмоқда», — деди БМТнинг доимий вакили.

«Барча инсонлар бу ерга келиши, ушбу занглаган, ўлаётган кемаларни кўришлари лозим, деб ҳисоблайман. Бу уларга ўз навбатида инсоннинг табиий ресурсларга бемисл зарар етказгани ҳақида эслатма бўлиб хизмат қилиши зарур», — деди Мўйноқдаги кемалар қабристонида бўлган Стефан Приснер.

Сафар иштирокчилари БМТ Қўшма дастури биринчи фазасидан кўмак олган Оролбўйидаги корхоналар ва ижтимоий объектларга ташриф буюришди.

Фото

Миллий каштадўзлик ва сувенирлар ишлаб чиқариш цехи.

Манзура Ерниязова.

«Орол» Қишлоқ врачлик пункти

Мум ва табиий асал ишлаб чиқариш

Бўлимлар