Тўрткўлда уруш фахрийига «DAMAS» автомашинаси навбатсиз берилди

Тўрткўл тумани «Ўзбекистон» овул фуқоралар йиғини ҳудудида яшовчи иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Отажон Жуманиязовнинг хонадони бугун қишлоқ аҳолиси ва яқин-қариндошлари билан гавжум. Қадрдонлари отахонга гуллар тутиб, самимий табрикламоқда, дея хабар бермоқда «Қорақалпоғистон тонги» нашри.

Чунки 93 ёшли отахоннинг хонадонида катта қувонч ва тўй. Унга «GM Uzbekiston» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилган «DAMAS» русумли янги автомашина «Қорақалпоқавтотеххизмат» масъулияти чекланган жамияти ходимлари томонидан навбатсиз етказиб берилди. Ушбу автомашинанинг тантанали топширилиш маросимида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари вакиллари қатнашди.

— Мен 1942 йили урушга отландим, — дейди уруш ва меҳнат фахрийси Отажон Жуманиязов. — Урушда Белоруссия ва Украина фронтларида душманга қарши жангларда иштирок этдим. Шундай жанглардан бирида оёғимдан оғир жароҳат олганлигим туфайли фронтдан қайтаришди. Урушдан кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим. Чорва молларини боқиб, халқни гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаб боришга ўз ҳиссамни қўшдим. Бугунги кунда биз кексаларга давлат томонидан катта ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Бу каби эътибор учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдираман. Ватанимиз ҳамиша тинч ва фаровон бўлсин.

Отажон Жуманиязов марҳум турмуш ўртоғи Жумагул Жуманазарова билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирда отахоннинг бағри невара ва чеваралар билан тўла. 1994 йили Отажон Жуманиязов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан «Жасорат» ва 2015 йили “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги” медаллари билан тақдирланди.

Суратда: Отажон Жуманиязов невара ва чеваралари даврасида.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар