Нукусда 32 невара, 67 чеваранинг бобоси 94 ёшли уруш фахрийси ҳолидан хабар олинди

Нукус шаҳар ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси вакиллари ва ёшлар «Ойдин йўл» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи уруш қатнашчиси, 94 ёшли Болтабой ота Сапаровнинг хонадонида бўлишди. Отани ғалабанинг 72 йиллиги билан самимий табриклаб, байрам совғаларини топширишди. Бу ҳақда “Қорақалпоғистон тонги” нашри хабар бермоқда.

Болтабой Сапаров урушда кўрсатган жасорати учун фахрий ёрлиқ ва медаллар билан тақдирланди. Уруш тугагач, Белорусияда ҳарбий хизматни давом эттирди. 1947 йили ҳарбий хизматдан бўшатилиб, қадрдон қишлоғига қайтиб келди. 

У кўп йиллар Чимбой туманидаги «Кенес» жамоа хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлади. Турмуш ўртоғи Ўрозгул Болтабоева билан 8 фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Нукус шаҳрида қурилиш ва автотранспорт корхоналарида самарали меҳнат қилди. «Меҳнат фахрийси» медали билан тақдирланди.

Ҳозирда Болтабой ота 32 невара, 67 чеваранинг ардоғида. 1994 йили у Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра «Жасорат», 2015 йили “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги” медаллари билан тақдирланди.

Суратда: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Болтабой Сапаров «Ойдин йўл» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Амангул Болтаева ва Нукус шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари даврасида.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар