Муҳаммад Юсуфнинг қизи Мадина билан суҳбат: Дадам бизга ҳам ота, ҳам энг яқин сирдош ва дўст бўла олган эдилар. . .

Мадина Юсупова: дадам  бизга ҳам ота, ҳам энг яқин сирдош ва дўст бўла олган эдилар...Ўзбек халқининг суюкли фарзанди, бетакрор шеърларида она Ватанимизни чексиз меҳр ва муҳаббат билан тараннум этган, ўз халқи билан доимо фахрланган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида 63 ёшни қарши олган бўлар эди. Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд айёми муносабати билан шоирнинг кенжа қизи Мадина Юсупова билан суҳбатда бўлдик. 

Д.Ж: Аввало таклифимизни қабул қилиб, биз билан суҳбат уюштираётганингиз учун сайтимиз фойдаланувчилари ва барча элликқалъаликлар номидан миннатдорчилик билдирамиз. Одатда, адабиёт ихлосмандлари ҳар бир адиб ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таниш бўлганиданми, унинг яқинлари, оила аъзолари ҳақида кўпроқ билишни исташади?...


М.Ю: Ассалому алайкум қадрли элликқалъалик, азиз юртдошларимиз! Ўзим ва оила аъзоларим номидан аввало туман ҳокимлигига ва сайт тахририятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Саволингизга келсак, дадажоним Муҳаммад Юсуфнинг вафотларидан кейин онажоним Назира Ас-Салом дадамдан қолган мероснинг унутилмаслигини ҳамда барҳаёт бўлишини таъминлаш мақсадида “Олтин қалам” номли газетани ҳамда “Муҳаммад Юсуф” номидаги адабий ижтимоий фондни ташкил қилдилар. Хозирда шулар фаолияти билан шуғулланиб келмоқдалар. Тўнғич опам Маъсуда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телеканалининг “Давр” информацион дастурида ишлайди. Тўнғич опамдан кейин акам Шерзод бор эдилар, афсуски 27 ёшида вафот этганлар. Опам Нозимахон эса онамнинг ёнларида, газетада муҳаррир бўлиб ишлайдилар. Мен эса “Infin bank” да фаолият юритиб келмоқдаман. Гувоҳи бўлганингиздек барчамиз олий маълумотлимиз ва ўз сохамиз бўйича фаолият олиб бормоқдамиз.

Д.Ж: Адашмасам шеъриятга бефарқ эмассиз. Умуман бу оилада туғулиб-ўсиб, адабиётга меҳр қўймасликнинг иложи бўлмаса керак. Айтингчи, бугун қайси шоирларимизни Муҳаммад Юсуфнинг шогирди, давомчилари сифатида эътироф этасиз?

М.Ю: Очиғи шоирликка давоим йўқ, аммо шеър ёзиб туришим тўғри. Бу йил дадамнинг 63 йиллик туғулган кунлари муносабати билан ўзимнинг илк “Соғинч сатрлари” китобим чоп этилди. Дадамнинг шогирдлари масаласига келсак, жуда мураккаб савол мен учун. Сабаби дадажоним ўта камтар инсон бўлганлариданми, ўзларини устоз даражасида кўрмасдилар. Эсимда, дадамга “устоз” деб мурожаат қилишганда “мен ҳали ўзим шогирд бўлсам, устоз бўлиш даражасига етмаганман” дердилар. Издошлари жуда кўп, бу албатта бизни қувонтиради. Менимча Иқбол Мирзо, Мирзо Карим, Ўлмасбек Самарқандий ҳамда Гулжамол Асқаровалар муносиб шогирдлари деб биламан.

Мадина Юсупова: дадам  бизга ҳам ота, ҳам энг яқин сирдош ва дўст бўла олган эдилар...


Д.Ж: Бу жавобингиз билан бугунги суҳбатимизнинг асосий қисмини ҳам очиб бердингиз. Халқимизнинг суюкли фарзанди, забардаст шоир Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганларида бу йил қутлуғ 63 баҳорни қарши олган бўлар эди. Бугун кўнглингиздан нималар кечмоқда?

М.Ю: Дадажоним тирик бўлганларида бу йил қутлуғ 63 ёшга кирган бўлар эдилар.Агар ҳозир ҳаёт бўлганларида бу муқаддас ёшларини оиламиз ва шогирдлари даврасида муносиб нишонлардик. Бу ҳақда гапириш мен учун оғир... Бу ҳақда шеър ҳам бошлагандим:
Тугамасми соғинчларнинг азоби,
Соғинч асли бу дунёнинг дўзохи.
Оқ сочларим сўзларимнинг изохи,
Отажоним яна келдим соғиниб.

Дуолардан гулчамбарлар ясадим,
Қани сизни бир бор кўра олсайдим.
Тўйиб-тўйиб бир қучоқлай олсайдим,
Отажоним яна келдим соғиниб.

Ҳокингизни кўзларимга суртаман,
Суратингиз ўпиб-ўпиб артаман.
Нахот яна сизсиз ортга қайтаман,
Отажоним яна келдим соғиниб...

Д.Ж: Муҳаммад Юсуфнинг болалик йиллари Андижоннинг Марҳамат туманида ўтган. Шоирнинг синфдош дўстлари, қишлоқдошлари билан хотираларини ўртоқлашиб турасизми? Дадангизнинг болалиги ҳақида бизга айтадиганларингиз?

М.Ю: Биз дадам вафотларидан кейин мана 16 йилдирки, ҳар сафар Мархаматга келганда дадамнинг амаки қизлари яъни Ҳалимахон аммамларникига келамиз. Уларнинг болалик даврлари бирга ўтган. Ҳар сафар келганимизда Ҳалима аммам дадажоним ҳақида қизиқ-қизиқ воқеаларни айтиб берадилар. Айтишларича, дадам жуда шўх ва ўта зийрак бола бўлган эканлар. Осмонда парвоз қилган самолётларга хавас қилар эканлар. Шу сабабли катта бўлсам учувчи бўламан деб кўп такрорлар эканлар. Дадамни яқиндан билганлар “Дадангни қўлида ҳамиша 1 та янги китоб бўларди” деб хотирлашади...

Д.Ж: Туманимизда мунтазам ўтказиб келинаётган адабий кечалар, учрашувлар, анжуманларда Муҳаммад Юсуфга замондош бўлган адиблар отангизни камтарин, содда, самимий ва она Ватанимизга муҳаббати чексиз инсон сифатида эслашади. Айтингчи, Муҳаммад Юсуф оилада ота сифатида яна қандай ўзига хос фазилатларга эга бўлган?

М.Ю: Отам учун оилада қизларнинг ўрни жуда баланд ва ўзгача эди. Бизни авайлаш ва эъзозлаш қаторида катта ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаб борганлар. Бизни ҳам спортга берар, ҳам йога билан шуғуллантирар, ҳам машина бошқаришни ўргатар, шу каби ҳаётда зарур ишларга ўргатиб борганлар. Хуллас ҳар бир соҳада бизни чиниқтириб борганлар. Аксарият оилаларда қиз болалар оналарга яқинроқ бўлади. Бизда аксинча, дадам ҳам ота, ҳам энг яқин сирдош ва дўст бўла олган эдилар. Ўз навбатида биз ҳам ҳеч нарсани улардан яширмас ва керак вақти улардан қўрқмай маслаҳат олардик.

Д.Ж: Шоирнинг жуда кўплаб шеърлари қўшиқ бўлган. Сизнингча бу нимадан далолат беради? Яъни ўша пайтдаги санъаткорлар сўзга кўпроқ урғу берганиданми ёки Муҳаммад Юсуф шеър ёзиш услубида қўшиқ қилиб куйлаш учун ўзига хос жихатларнинг мавжудлигиданми?

М.Ю: Дадам кўпроқ ижтимоий шеърлар ёзишни яхши кўрардилар. Кимки дадамни қўшиқчи шоир деса тутоқиб кетардилар. Менимча кўплаб шеърларининг қўшиқ бўлишига сабаб, шеърларнинг айни кўнгилдан, юракдан чиқиб ёзилганидан деб биламан. Дадам оддий, халқона, халқимиз қалбига яқин бўлганидан деб биламан. Чунки юракдан чиққани юракка етиб боради.



Д.Ж : Суҳбатимиз давомида фақат жиддий саволлар ўрин олмаган. Келинг, сизга Муҳаммад Юсуф ижодидан бир шеъни ўқиб эшиттираман. Сиз, ушбу шеър қачон ва кимга атаб ёзилганлигини топишингиз керак бўлади:
Кетдик жўра нима бор,
Бировларнинг тўйида?
Бугун сайл бўларкан,
Ширинбулоқ бўйида.
Ўзларича ноз қилиб,
Қарамаса бизларга.
Атиргулга мурч сепиб,
Улашамиз қизларга?


М.Ю: Билишимча Ўзбекистон халқ шоири, дадамизнинг яқин дўсти Сирожиддин Саййид акага ёзилган бу шеър.

Д.Ж: Дархақиқат ушбу шеър Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййидга атаб “Тошкент оқшоми” газетасида бирга ишлаган пайтларида ёзилган.
Муҳаммад Юсуфнинг эликқалъаликларга меҳри, муҳаббати ўзгача бўлган экан. Бугун Бўстон академик лицейига халқ шоирининг номи берилган, у ерда музей ташкил қилиниб, шоир бюсьти ўрнатилган. Бу даргоҳга ташриф буюриш истагини қачон рўёбга чиқаришни режалаштиряпсиз?


М.Ю: Режам бор албатта. Насиб қилса бу йил туғулган кунларини ўтказганимиздан кейин бориш ниятидаман.

Д.Ж: Қимматли вақтингизни аямай биз билан суҳбатлашганингиз учун ташаккур. Биз ҳам ўз навбатида сиз орқали оила аъзоларингиз ва суюкли шоиримиз яқинларига энг яхши тилакларимизни тилаймиз. Уларни дадангиз учун бегона бўлмаган Элликқалъада кутиб қоламиз. Самимий сухбат, эътибор ва ҳамма-ҳаммаси учун яна бир бор сайтимиз фойдаланувчилари номидан миннатдорчилик билдирамиз!

М.Ю: Мен ҳам ўз навбатида Муҳаммад Юсуф оила аъзолари ва ўз номимдан Элликқалъа тумани ҳокимлиги, ellikqala.uz сайти ижодкорларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Дадамнинг ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқишларингиз ва у кишини яна бир бор ёдга олганингиз учун рахмат! Юртимиз тинч осмонимиз мусаффо бўлсин!


Дилшод Жуманиёзов суҳбатлашди.

Манба: Ellikqala.uz

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар