Убайдулла Омон: "Учрашувларда кўпроқ "Фарёд" ва "Сотқин" филмлари ҳақида сўрашди"

Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган "Биз буюк юрт фарзандларимиз" шиори остида ўтказилган ёшлар фестивалида иштирок этган таниқли актёр Убайдулла Омон фестивал якунланганидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Тўрт кун давомида Қорақалпоғистонда юрдик. Мен бу халқни меҳмондўстлигини кўриб, хайратда қолдим. Ҳамма инсонларнинг юзида табассум, ҳамма хурсанд. Қайси жойга борсак ҳам, олқишлар остида бизни қарши олишди. Илоҳим бизни келишимиз ёшларга озгина бўлкса ҳам фойда келтирсин. Мана шу санъаткорларга хавас қилиб, уларнинг орасидан ҳам халқ севган санъаткорлар чиқсин. Мана шу фестивални ташкил қилганлар, ўз ниятларига етишсин. Бухорога қайтганимда, бу ерда олган таасуротларимни Бухородагиларга сўзлаб бераман. 
- Учрашувларда кўпроқ сиздан нимани сўрашди?
- Кўпинча санъат ҳақида савол беришди. Жумладан "Фарёд" ва "Сотқин" филмлари ҳақида сўрашди. Чунки санъатга ташна, санъаткор бўлишни хоҳловчи ёшлар кўп экан. Мен ўйлайманки, учрашувларда биз берган маслаҳатлар, ёшларга катта фойда келтиради. Вақти келиб, ана шу ёшлар бизга ўхшаган таниқли санъаткорлар бўлишига тилакдошман.
- Қорақалпоғистонга нечанчи марта ташриф буюришингиз?
- Қорақалпоғистонга учинчи марта келишим. Бундан олдин мен Бухоро театри гастроли билан ташриф қилган эдим. 16-22 май кунлари Бухоро театрининг навбатдаги гастроли бўлади. Балки ана шу гастролда яна келарман.
- Қорақалпоғистонда энг эсда қоларли воқеа нима бўлди?
- Эн эсимда қолган воқеа Қўнғиротда бўлди. Жала ёғаяпти, лекин стадиондаги бирор киши ўз ўрнини тарк этмаяпти. Мен шунчаки хайратда қолдим ва томошабинларнинг ўша қаҳрамонликлари учун миннатдор бўлдим. 

Фурқат Юсупов суҳбатлашди.

Бўлимлар