Кучли бешлик. Ҳужумкор жамоалар ТОП-11 (Фурқат Юсупов блоги)

Кучли бешлик чемпионатлари якунига етиб бормоқда.  Биз ана шу чемпионатларда иштирок этаётган 98 та жамоа орасида энг кўп гол урганлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

10-11.  “Ювентус” – 70

Турин клуби “А” серияда якка ҳукмронлик ўрнатаётган бўлса ҳам,  у қадар кўп гол ура олмяпти.  Жамоа ҳар ўйинда ўртача 2 тадан тўп киритмоқда.  “Кекса синьорилар” сафида энг кўп гол урган футболчи Гонсало Игуандир.  Аргентиналик ҳисобида 23 та гол мавжуд.

10-11.  “Ливерпуль” – 70

“Ливерпул”да тўпурар ҳужумчи йўқ бўлса ҳам,  жамоа АПЛнинг 17 та клубидан кўп гол урган.  Клопп шогирдлари ҳисобида 70 та гол мавжуд.  Ана шу голларнинг 13 таси Садио Манега тегишли.  Энг қизиғи у тўпурарлар пойгасида кучли ўнликка ҳам кирмаган. 

9.  “Тоттенхэм” – 71

АПЛ чемпионлиги учун курашаётган “Тоттенҳэм” футболчилари 71 та гол киритишган.  Почеттино шогирдлари бу борада ҳам чемпионатда иккинчи ўринда боришмоқда.  Жамоа тўпурари Гарри Кейн 21 та гол урган бўлса,  жанубий кореялик Сон Хён Мин ўз номини 12 марта таблога ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.

8.  “Челси” – 72

Англияда гол уриш осон эмас.  Чемпионат пешқадами кучли бешлик жамоалари орасида гол уриш бўйича 8-ўринда юргани ҳам гапимизга исбот бўла олади.  Конте шогирдлари орасида Диего Коста энг кўп гол урган.  У 19 та гол билан тўпурарлар рўйҳатининг 3-поғонасини банд этиб турибди.

7.  ПСЖ – 72

ПСЖ бу мавсумда Франциянинг ўзида ҳам дахшатли кўринмади.  Эмери шогирдлари ЧЛдан шармандали тарзда чиқиб кетгач,  Лига1 чемпионлиги учун ҳам пойгадан деярли чиқиб кетди.  Ибрагимовичсиз қолган парижликлар гол уриш бўйича ҳам ўз чемпионатларида етакчи мақомида эмас.  Жамоанинг 72 та голининг 31 таси Каванига тегишли.

6.  “Рома” – 75

Римнинг “Рома” жамоаси “А” серияда 75 та гол киритди.  Ана шу голларнинг 3 дан бири Эдин Жеко ҳисобига ёзилган.  Босниялик ҳужумчи бу борада чемпионат тўпурарлари пойгасида етакчилик қилмоқда.  Римликлар чемпионликдан умидлари узиб бўлишган ва кумуш медал учун кураш олиб боришмоқда.

5.  “Наполи” – 78

Италиянинг энг сермаҳсул жамоаси “Наполи” ҳисобланади.  Неаполликлар Игуаинсиз ҳам кўп гол уришнинг уддасидан чиқишмоқда.  Жамоада Дрес Мертенс 22 та гол урган бўлса,  Лоренс Инсине 14 та гол уришга муваффақ бўлган.

4.  “Бавария” – 79

Германиянинг якка ҳукмдори “Бавария” футболчилари бундеслига клублари дарвозаларини 79 марта аниқ нишонга олишган.  Жамоа ҳужумчиси Роберт Левандовски 28 та гол билан тўпурарлик қилмоқда.  Шунингдек Арьен Роббен ҳисобида 11 та гол борлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

 3.  “Реал” - 92

Мадриднинг “Реал” жамоаси қаторасига 7 мавсумдан буён 100 тадан кўп гол уриб келмоқда.  Ушбу мавсумда ҳам бу анъана давом этиши мумкин.  “Галактикос”га бунинг учун 8 та гол камлик қилмоқда.  Жамоа етакчиси Роналду ҳисобида атиги 20 та гол мавжуд.  BBC умумий ҳисобда 36 та гол урган холос.  Бироқ бошқа томондан Зиданнинг деярли ҳар бир шогирди рақиб дарвозасига йўл топишҳнинг уддасидан чиқди.

2.  “Монако” – 95

Мавсумнинг энг дахшатли жамоаси “Монако” бўлаяпти десак,  асло муболаға бўлмаса керак.  Князликлар ЧЛда ярим финалга қадар етиб келишди,  ўз чемпионатларида эса чемпионликка жуда яқин келишмоқда.  Клуб ҳисобида 95 та гол мавжуд.  Жамоа тўпурарлари Фалкаода 19 та,  Мбаппеда эса 14 та гол мавжуд.

1.  “Барселона” – 104

Мавсумнинг энг сермаҳсул жамоаси “Барселона” бўлиб турибди.  Каталонияликлар 35 та баҳсда 104 та гол киритишган.  Ана шу голларнинг 33 тасини Месси ва 26 тасини Суарес киритган.  Қизиқ факт ушбу икки футболчининг голлар сони “МЮ”нинг АПЛдаги голлар сонидан ҳам кўп.  Бироқ “кўк-анорранглилар” шунча гол уриб ҳам чемпионликдан қуруқ қолишлари мумкин.

Фурқат Юсупов тайёрлади

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар