ТОП-15. Қорақалпоғистондаги ҳокимиятлар сайтлари рейтинги

Қорақалпоғистон Республикасида 14 та туман ва 1 та шаҳар ҳокимияти мавжуд. Биз асосий 5 та йўналиш бўйича туман ҳокимиятлари рейтингини тузиб чиқдик.  Бунда асосий мезон: 

1) ҳокимлар ҳақидаги маълумотлар, 

2) туман янгиликлари, 

3) норматив ҳужжатлар, 

4) виртуал қабулхона

5) қўшимчалар инобатга олинди.

15.  Тўрткўл тумани (tortkol.rk.uz)

Тўрткўл тумани ҳокимияти сайти 4 та мезон бўйича ҳам деярли ҳаракат қилмаяпти.  Туман ҳокими ўзгарганига 2 йилдан ошган бўлсада,  ҳоким ҳақида маълумот умуман йўқ.  Норматив ҳужжатлар бўлими ҳам бўм-бўш.  Янгиликлар бўлимида эса туман ҳаётига оид бирорта ҳам хабар жойлаштирилмаган.  Виртуал қабулхона борасида ҳам гап сўз бўлиши мумкин эмас.  Ҳозирча Тўрткўл тумани ҳокимияти веб-сайти Қорақалпоғистондаги энг паст кўрсаткични қайд этиб турибди.

14.  Хўжайли тумани (xodjeyli.rk.uz)

Хўжайли туманидаа 2017 йил давомида 2 марта ҳоким алмашди.  Бироқ ҳокимлик маъмуриятида ўтган йилги ҳоким ҳақида маълумот жой олган.  Норматив ҳужжатлар,  янгиликлар ва виртуал қабулхона бўйича Хўжайли тумани ҳудди Тўрткўл тумани билан бир хил аҳволда.  Нима учун Хўжайли Тўрткўлдан олдинда деган савол туғилиши мумкин.  Фарқи шундаки бу туман ҳокими ҳақидаги янгилик ўзгармаганига атиги 4 ой бўлди,  Тўрткўлда эса 2 йилдан ошди.

13.  Нукус тумани (nukus.rk.uz)

Нукус тумани ҳокимияти сайтининг аҳволи ҳам юқоридаги икки туманники билан деярли бир хил.  Фақат бу туманда ҳоким алмашганига 1 ҳафта ҳам бўлмади.  Шу боис янги ҳоким ҳақида маълумот йўқ.  Балки туманнинг янги ҳокими сайтга алоҳида эътибор қаратиб,  уни рейтингда юқорилашига ҳисса қўшар.

12.  Кегайли тумани  (kegeyli.rk.uz)

Кегайли тумани ҳокимияти сайтида ҳокимнинг расми бор,  бироқ у ҳақида маълумот йўқ.  Боз устига бугунги кунда туман ҳокими лавозимида Мурат Абдиров фаолият юритмоқда.  Аммо расмда бошқа биров кўрсатилган.  Кегайлининг устун томони шундаки норматив-ҳужжатлар бўлимида 2016 ва 2017 йилги ҳужжатлар жойлаштирилган.

10-11.  Чимбой тумани (chimbay.rk.uz)

Чимбой тумани ҳокимлиги сайтида 2-4 йўналишлар бўйича ҳеч нарса йўқ.  Мазкур туманнинг пастки уч ўринга тушиб қолмаганлигининг сабаби,  унда туман ҳокими ҳақида маълумот мавжуд холос. 

10-11.  Қонликўл тумани (qonlikol.rk.uz)

Қонликўл тумани ҳокимияти сайтида ҳам фақат ҳоким ҳақидаги маълумот мавжуд.  Қолган йўналишлар бўйича бу туман ҳам ҳали ишлаши керак эканлиги кўриниб турибди.

9.  Қўнғирот тумани (qongirot.rk.uz)

Республикамиздаги энг катта ҳудудга эга бўлган Қўнғирот туманида ҳам ҳоким ҳақида маълумот бор.  Қолган 3 та йўналишда эса ҳеч нарса йўқ.  Бироқ Қўнғиротнинг Қонликўл ва Чимбойдан фарқи бош саҳифада Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг расмлари жойлаштирилган.  Қўшимча йўналишлар бўйича мазкур туман 9-ўриндан жой олди.

8.  Мўйноқ тумани (muynaq.rk.uz)

Республиканинг энг чекка ҳудуди ҳисобланадиган Мўйноқда кеча ҳоким ўзгарди.  Шу боис туман ҳокими сифатида эски ҳоким турибди.  Демак,  ҳали янгилаб улгуришмади.  Норматив-ҳужжатлар бўлимида атиги 2 та ҳужжат мавжуд.  Туманга оид янгиликларни ўқишни истасангиз Мўйноқ тумани ҳокимияти расмий сайтига киришингизни маслаҳат бермаймиз.

6-7.  Қораўзак тумани (qoraozak.rk.uz)

Қораўзак тумани ҳокимлиги расмий сайтида ҳоким ҳақидаги маълумот ва 2 тагина норматив-ҳужжат бор холос.  Туманга оид янгиликлар ҳақида бу сайтда ёзилмайди.  Виртуал қабулхона бўйича ҳам жимлик ҳозирча.

6-7.  Нукус шаҳри (nukuscity.rk.uz

Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳри ҳокимиятининг веб-сайти ҳам хавас қиларли даражада эмас.  Сайтдан ҳоким ҳақидаги маълумот ва иккита норматив-ҳужжатни топиш мумкин холос.   Пойтахт ҳақида нимадир ўқишни истасангиз унда бошқа сайтлардан излаганинггиз маъқул.

5.  Тахтакўпир тумани (taxtakopir.rk.uz)

Тахтакўпирда ҳоким ўзгарганига ҳам кўп бўлмади.  Шунга қарамай янги ҳоким ҳақидаги маълумот жойлаштирилган. Бироқ унинг расми турган жой бўм-бўш турибди.  Шунингдек сайтда 5 та норматив-ҳужжат ва биттагина бўлса ҳам янгилик жой олган.  Ўша янгилик ҳам яқинда ўтказилган туман сессиясида ҳоким ўзгаргани ҳақида. 

4.  Шўманай тумани (shomanay.rk.uz)

Шўманай тумани ҳокимияти сайтида туман ҳаётига оид янгиликлар тез-тез бериб борилмоқда.  Бу таҳсинга сазовор албатта.  Бироқ туман ҳоким ва унинг ўринбосарлари ҳақида маълумот берилмаганлиги бироз ажабланарли ҳолат.  Норматив-ҳужжатлар бўлимида 4 та ҳужжат жойлаштирилган. 

3.  Беруний тумани (beruniy.rk.uz)

Беруний тумани ҳокимлиги расмий сайтида туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳақида маълумотлар жойлаштирилган.  Норматив-ҳужжаатлар бўлимида эса бор-ёғи биргина ҳужжат мавжуд.  Сайтда туман Кенгаши депутатлари,  Кенгаш ва доимий комиссиялар иш режалари,  тадбирлардан фото лавҳалар,  Туман Кенгаши сессияси қарорлари ва кенгаш депутатларининг қабул ўтказиш жадвали жой олганлиги ҳам мазкур туманни рейтингда 3-ўринни қўлга киритишида катта аҳамият касб этди.

2.  Амударё тумани (amudarya.uz)

Амударё тумани ҳокимиятининг яқинда янги расмий саҳифаси очилди.  Бу сайт орқали туман ҳаётига оид энг сўнги янгиликлар,  туман ҳокимлиги ҳақида маълумотлар,  фото ва видеолавҳалар,  ҳокимнинг қарор ва фармойишлари жой олган.  Бошқа туман ҳокимлиги сайтлари ҳам ушбу сайтдан наъмуна сифатида фойдаланишса бўлади.  Дарвоқе,  туман ҳокимининг виртуал қабулхонаси орқали фуқаролар ўз мурожаатларини йўллашлари мумкин.

1.  Элликқалъа тумани (ellikqala.uz)

Элликқалъа тумани алоҳида сайт очиб,  уни анча ривожлантириб улгурди.  Сайтда туман ҳаётига оид янгиликлар тез-тездан янгиланиб туради.  Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси турмушига оид хабарлар ҳам бериб борилмоқда.  Туман ҳокими Қорақалпоғистондаги ҳокимлар орасида биринчи бўлиб Виртуал қабулхона очганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.  Бироқ шунга қарамай бу сайтда ҳам камчиликлар йўқ эмас.  Сайтда туман ҳокими ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилмаган.

Ҳокимиятлар веб-сайтларида ҳокимларнинг ҳар бир Қарорлари эълон қилиниб бориши керак.  Боиси ҳар бир Қарор матнида «ушбу Қарор туман ҳокимлиги расмий сайтида эълон қилинсин», деган жумла бўлади.  Бундан кўриниб турибдики,  кўпчилик туманларда ҳокимларнинг қарорларидаги ушбу банд деярли бажарилмай келинмоқда. 

Мазкур рейтингни ҳар ойда тузиб боришга ҳаракат қиламиз.  Балки шунда ҳокимиятлар сайтларида қандайдир ўзгаришлар кузатилар.

 

Фурқат Юсупов

Манба: KRuz.uz

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар