Ўрозбай Абдураҳмонов: “Менинг асосий ютуғим кечда ўқиганим деб ҳисоблайман”

Ўрозбай АБДУРАҲМОНОВ. Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси (2003), Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1999), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2001), «Инсон ва биосфера» ЮНЕСКО медали совриндори (1987), Халқаро Лос-Анжелес экологик фильмлар фестивали Гран-при соҳиби (1991).

1949 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида тўғилган. Хўжайли шаҳрида таҳсил олиб, Тошкент давлат университетида журналистика факультети ташкил этилган 1967 йилда кечки бўлим талабалар сафига қабул қилинган. Факультетнинг илк битирувчиларидан.

Меҳнат фаолияти республика “Жеткиншек” болалар газетасидан бошланган. Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилари уюшмасининг “Әмиўдәрья” журнали адабий ходим, маъсул котиб ва бош муҳаррири, “Қарақалпақфильм” киностудияси директори, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Ёзувчи, публицист, драматург.

Асарлари: «Бир муҳаббат тарихи» (1977), «Қўшнилар» (1980) ҳикоялар китоблари, «Ўжар» комедия (1980), “Бўсаға” романи (1984), “Оролим–дардим менинг” (1986-89), “Чангалзар пайғамбарнинг ҳалокати” (1985-86), “Шығармаларының толық жыйнағы” (2009), “Қорақалпоқ дунёси” (2011), «Орол қандай қўриди?» (2017) ва ҳ.к.

Жанрлари: мақола, очерк, ҳикоя, эссе, комедия, роман.

Асарлари ўзбек, рус, инглиз, қозоқ, озарбайжон, эстон, швед, француз, немец, испан, чех ва бошқа тилларга таржима қилинган. “Оролим–дардим менинг” эссесининг швед тилига таржимаси асосида К.Соренсон томонидан Париж университетида докторлик диссертация иши ҳимоя килинган.

1. Сиз 1967 йилда ўқишга киргансиз. Ўша даврларни бир эсласангиз?

– Менинг ўқишим 1966 йилги Тошкент зилзиласи оқибатларини сафлаштариш, янги шаҳар қуриш асосан солдат (аскар–Д.Б.) билан студентнинг елкасига тўшган, барча олийгоҳларда кечки ва сиртқи ўқиш авжига чиққан пайтларига тўғри келди. Кундуз ишлаб, кечқурун ўқиш мактабдан олийгоҳга бирданига қадам отган менга ўхшаганларга ҳақиқий ҳаёт Университети бўлди. Бугун янги Тошкент марказини сайил қилсам, баланд иморатлар билан катта гузарлар қурилишида қўлларимнинг изларини ҳис этиб хурсанд бўламан.

2. Қайси фанлар ва ўқитувчилар эсингизда қолди?

– Факультет очилганида учта кафедра: «Ўзбекистон матбуоти тарихи», «Партия-совет матбуоти назарияси ва амалияти», «Радио-телевидение, фотография» кафедралари мавжуд эди. Сўнг Ғайбулла Саломов раҳбарлигида «Таржима» кафедраси ташкил этилди. Менга дарс берган ўқитувчилар Т. Эрназаров, В. Абдуллаев, Ф. Насриддинов, Ғ. Саломов, Б. Қосимов, Т. Пидаев, Н. Абдуазизова, Ф. Камолова, Б. Рихсиев, Р. Иноғомов, Н. Комилов, Ғ. Гафуров, Б. Дўстқораевларнинг бетакрор маърузалари ҳали эсимда.

3. Факультет асосчиси, тарих фанлари доктори, профессор Туғон Эрназаров ҳақида гапириб беринг.

– Тўғон оға ажойиб олим ва тўғри сўзли, бағри кенг инсон эди. Ҳали эсимда, Тўғон оға бир маърузасида, Қорақалпоғистон матбуоти тарихидан мисол келтириб, ҳақиқатлик душманлари пойтахт Тўрткулда 1918 йили газета чиқариш учун Амударё орқали типография анжомларини кемада олиб келаётган ҳарф терувчиларни бўйнига литералар қопчиғини боғлаб, дарёга чўктириб юборганини қайд этганди (Аральскдан Орол денгизи – Амударё – Чаржўйгача коммуникация сув йўли орқали келган. Бунга маҳаллий ҳокимият қаттиқ қаршилик кўрсатган. Олиб келинаётган типография анжомлари, қоғоз ва ҳ.к.ларни денгиз ва дарёга чўктириб юбориш, коммуникация йўлида хизмат қилаётган ва ундан фойдаланаётган одамларни аёвсиз ўлдириш фактлари 1920-1930 йилларда кўплаб содир бўлганлиги матбуот тарихига оид манбаларда ҳам ёзилган (Қаранг, масалан: Т.Э.Эрназаров, А.И.Акбаров. История печати Туркестана. – Т.: «Ўқитувчи». 1976. 257-, 276-б.) – Д.Б.)

Энди чўктирадиган дарё ёки бўйинга осадиган литералар қолмаган бўлса ҳам ҳақиқатликка парда тутадиганлар бор. Ҳақиқатлик юзага чиқмаса, давлат ва жамият ривожида турғунлик ҳолати юзага келади… Яқинда факультетдаги бир мажлисда иштирок этганимда бу буюк домла руҳлари бугунги издошлари фаолиятида давом этаётганларига гувоҳи бўлганман. Лекин, факультетнинг кечаси билан бугунида осмон билан ердек фарқ бор. Факультет бугунги кун талаблари ўлароқ ривожланиб кетган. Биз ўқиган пайтлари соҳа дарсликлари билан адабиётлари анқонинг уруғидек эди…

4. Факультетда олган билимингиз кейинги ижодингизда қандай таъсир кўрсатди?

– Менинг асосий ютуғим кечда ўқиганим деб ҳисоблайман. Кундузи «Главташкентстрой»да дуродгор шогирди сифатида иш бошлаб, сўнг йўл ишчиси, вентиляция бўйича слесарь касбларини ўрганганим, куннинг ёруғидаги ҳаётий амалиёт дарсини кечқурун ижодий назария билан давом этиб бориш – бундан ортиқ ва ажойиб Университетни топа олмайсиз. Талабанинг қорни тўқ бўлса, ўқиши ҳам чакки бўлмайди. Шу шароит менда бўлди ва ота-она меҳри ва маблағидан қатъи назар эртароқ мустақил ҳаётга ўргатди. Менимча, журналистларни шундай қийинчилик билан чиниқтириб ўқитган маъқул.

5. Тажрибаларингиздан келиб чиқиб журналист касбига тавсиф беринг.

– Бу касбни баъзилар инсониятнинг энг қадимий иккинчи касбига ётқизади. Балки бунда ҳам қандайдир ҳақиқатлик бордир: баъзи чоп этилган тутуриқсиз, сағизи чиққан нарсаларни ўқиб, шундай фикрга келиб қолади киши. Лекин, мустақил фикрлай оладиган, услуби шаклланган ҳамкасбларимнинг ёзганларидан роҳат оламан. Бу касб руҳий мардлик, чуқур таҳлилий қобилият ва сўз санъатининг юксаклигини талаб этади. Агар факультет сўнгги иккита хусусиятни бера олса бўлгани, биринчиси билан журналист тўғилиши керак. Ахир номард руҳдан мардлик билан ҳақиқатнинг юзаки мадҳиясидан бошқа нима чиқиши мумкин?

6. Факультетнинг кейинги вазифалари нималардан иборат деб ҳисоблайсиз?

– Талабалар танлашда ОАВда ёки китоб бўлиб чиқган маҳсулотларга қўшимча алоҳида психологик тест асосида ўқишга қабул қилса, натижасини журналистларнинг кенжатой авлодидан кўрардингиз.

7. Ёш журналистларга қандай маслаҳатлар берасиз?

– Бор маслаҳатимни 5 та саволга жавобда берганман, такрорлаш шартми? 

Суҳбатдош: Давлетбай БЕКБАЎЛИЕВ,

Қорақалпоқ давлат университети журналистика кафедрасининг доценти, тарих фанлари номзоди. 1990-1995 йй. ЎзМУ стажёри, аспиранти

Karsu.uz

Диққатдиққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар