“Саломатлик поезди” Қорақалпоғистонда

Хайрия акцияси доирасида Оролбўйига ташкил этилган навбатдаги “Саломатлик поезди”нинг дастлабки манзили Қўнғирот тумани бўлди. 

Тадбирда Президентимиз томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ва "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир давомида 1 минг 350 га яқин аҳоли юқори малакали шифокорлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, манзилли мурувват ёрдами кўрсатилди. 

“Саломатлик поезди”да экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилаётган аҳолига ёрдам тариқасида 15 миллиард 167 миллион сўмлик дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари, катталар ва болалар кийимлари, пойафзаллар, санитария-гигиена воситалари олиб келинди. 

– Дори-дармон ва тиббий анжомлар, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари Мурувват ва Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларга тарқатилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари Ўрозгул Ембергенова. – Акция доирасида Қўнғирот, Қанликўл ва Шуманай туманларида яшовчи 2 мингдан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ана шундай ёрдам берилди. 

“Саломатлик поезди” Тўрткўл ва Мискин темирйўл бекатларида бўлиб, Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманлари аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатмоқда. 
 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА 

Диққатдиққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар