“Агробанк” АТБнинг ҚР бошқармаси 2774 нафар фуқарога 20 миллиард сўмга яқин банк кредитлари ажратди

Маълумки, банк томонидан таклиф этилаётган микрокредитлар 1 000 минимал иш ҳақи, яъни бугунги кунда 150 млн. сўм миқдорда 3 йилгача муддатга имтиёзли 9 фоизлик ставкаларда берилади. Бунда фуқаро кредит олиш учун тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиши ёки шахсий томорқада ўз бизнесини бошлаши мумкин, дея ёзмоқда «Қорақалпоғистон тонги» газетаси.

 — «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак», деган ҳаётбахш тамойил бугун барча банклар фаолиятида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди “Агробанк” акциядорлик тижорат банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва кредитлаш” бўлими бошлиғи Сарсенбай Қалханов. — Масъул ходимлар банкимизга бекитилган 79 минг 628 та хонадонда бўлиб, уй эгалари билан суҳбатлар олиб боришди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган, ўз бизнес ғоясига эга фуқароларга кредит турлари ва шартлари ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди. 
Бугунги кунга қадар “Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан мазкур йўналишлар учун 2774 нафар фуқарога 20 миллиард сўмга яқин банк кредитлари ажратилди. 

Муҳими шундаки, банк томонидан таклиф этилаётган кредит турлари жуда кўп. Хусусан, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, боғдорчилик ва узумчилик, иссиқхоналар ташкил этиш, балиқчилик, маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кичик цех ташкил этиш, касаначиликни ривожлантириш, ҳунармандчилик, сартарошхона хизматини ташкил этиш, тикувчилик ва чеварчиликни ташкил этиш, пойабзал тузатиш устахонаси, умумий овқатланиш хизматини ташкил этиш каби кўплаб фаолият турлари мавжуд. 

Президентимиз томонидан яратилаётган бундай имкониятлар чимбойлик Дилфуза Жўлдосбоеванинг ҳам чорвачиликка бўлган қизиқишини орттирди. 

— Банк ходимлари бизнинг хонадонларга ташриф буюриб, имтиёзли кредитлар, кредит олиш тартиблари, кредит турлари ва шартлари бўйича маълумотлар беришди, — дейди Чимбой тумани “Бердақ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Дилфуза Жўлдосбоева.— Менда асосан, чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш, яъни қорамол боқиш истаги туғилди. 

Шу боис, банк ходимлари кўмагида ўз бизнес ғоямни ишлаб чиқдим. Туманимиздаги “Аловуддин” фермер хўжалиги билан шартнома тузиб, “Агробанк” акциядорлик тижорат банкнинг туман филиалидан ажратилган 7 миллион 400 минг сўмлик кредит маблағи эвазига 3 бош қорамол олдим.

Айтиш жоизки, бу каби имкониятлар юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Диққатдиққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар