Кутилмаган янгилик! «Ахборот», «Давр» ва «Пойтахт» информацион дастурлари ёпилади

«Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» ва «Таҳлилнома»,  «Тошкент» телеканалининг «Пойтахт» ва «Ёшлар»нинг «Давр» информацион дастурлари ёпилади. Миллий телерадиокомпания (МТРК) ушбу хабарни UZ24га тасдиқлади. Бу ҳақда UZ24 нашри хабар берди.

Барча ахборот-таҳлилий дастурлар «Диёр» канали ва «Тошкент» радиоканали негизида ташкил этилган «Ўзбекистон 24» телеканали орқали кун-у тун эфирга узатилади. Янги каналнинг очилиш санаси ҳозирча номаълум.

«Ахборот», «Пойтахт» ва «Давр» дастурлари намойиши «Ўзбекистон 24» фаолияти бошлангунига қадар давом этади.

Президент май ойи бошида Миллий телерадиокомпания таркибида «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканалини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Телеканал хорижда ҳам мухбирлик пунктларига эга бўлади ҳамда мамлакат ва хорижда юз бераётган сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, маданият, фан ва спорт соҳасидаги муҳим воқеаларни тезкорлик билан ёритиб боради.

Бўлимлар