Қорақалпоғистонда 2017 йилда нечта ўқувчи 9-синфни тамомлади?

Қорақалпоғистон Республикасидаги умумтаълим мактабларида жорий ўқув йили ниҳоясига етгани ҳақида хабар берувчи сўнгги қўнғироқ жаранглади. 

Нукус шаҳридаги 17-умумтаълим мактабида 9 йил таълим-тарбия олган ўқувчилар қадрдон мактаби билан хайрлашиш учун тўпланди. Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши учун яратилаётган шароит ва имкониятлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

Мактабда жорий ўқув йилида таҳсил олган 955 ўқувчига 115 юқори малакали ўқитувчи-мураббий таълим-тарбия берди. Мактабнинг 9-синф ўқувчиларидан Ёрқиной Риймбоева қозоқ тили бўйича, Венера Холбоева ўзбек тили бўйича фан олимпиадасининг шаҳар босқичида биринчи ўринни эгаллади. Ҳуқуқшунослик фани бўйича Ажиниёз Худайбергенов учинчи ўринга сазовор бўлди. 

– Мактабни жорий ўқув йилида 101 ўқувчи битирмоқда, – дейди мактаб директори Ойша Абдиреймова. – Улар орасида “Билимлар синови” ҳамда фанлар олимпиадасида муваффақиятли иштирок этганлар анча. Битирувчиларнинг келгусида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириши учун барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилди. 

Барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, спортда улкан муваффақиятга эришаётган Гулбону Жўлдасбоеванинг орзулари бир олам. У келгусида олий маълумотли ҳарбий хизматчи бўлишга аҳд қилган. Фанлар олимпиадасида юқори натижага эришиш баробарида спортнинг бокс тури билан мунтазам шуғулланиб, Ўзбекистон чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлган. 

– Нукус компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида таҳсил олгач, олий ўқув юртига кирмоқчиман, – дейди Гулбону. – Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши учун кўп ўқиши, изланиши, ўз устида ишлаши лозим, деб ўйлайман. Мен ҳам келгусида жаҳон ареналарида жонажон Ўзбекистонимиз байроғини баланд кўтариш учун бутун вужудим билан ҳаракат қиламан. 

Қорақалпоғистон Республикасидаги 703 умумтаълим мактабининг 9-синфини битираётган 26 минг 478 ўқувчи академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттиради. 
 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА 

Диққатдиққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

 

Бўлимлар