Қорақалпоғистон Республикасида 6 стационар ва 20 кундузги оромгоҳ мавсумга шай қилиб қўйилди

Нукусда болаларнинг ёзги дам олишини тўғри ташкил этиш ҳамда мавсумни юқори савияда ўтказиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. 

Жорий ёзги соғломлаштириш мавсумида Қорақалпоғистон Республикасида 6 стационар ва 20 кундузги оромгоҳ мавсумга шай қилиб қўйилди. Уларда 11 минг 160 бола ҳордиқ чиқариши режалаштирилган. Коллеж ўқувчилари учун “Меҳнат ва роҳат”, “Интеллектуал ривожлантириш”, “Ҳарбий спорт-соғломлаштириш” марказлари фаолияти йўлга қўйилган. 

Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маданият вазирликлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, болалар дам олиш марказлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда мазкур масканларни мавсумга тайёрлаш, юқори малакали педагог-кадрлар, тажрибали мураббийлар, тиббиёт ходимлари билан таъминлаш, болалар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Оромгоҳларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти, санитария-гигиена ва ёнғинга қарши кураш қоидаларига қатъий риоя қилиш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди. 

Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бугунги кунда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаати ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштириш сифати ва самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди. 

– Ёзги мавсумни юқори савияда ташкил этишга қаратилган тадбирлар режаси ишлаб чиқилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги масъул ходими Р.Тангрибергенов. – Унга кўра, болаларнинг табиат қўйнига, музейлар ва истироҳат боғларига, спорт иншоотларига саёҳати уюштирилади. Театрлар ижодий жамоалари томонидан қизиқарли дастурлар намойиш этилади. 

Ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида ҳар бир оромгоҳда кутубхона ташкил этилиб, 9 минг 400 дан зиёд бадиий адабиётлар, эртак китоблар билан таъминланди. Бу ерда болалар “Тонг юлдузи”, “Жеткеншек” болалар газеталари ва “Ғунча”, “Билимдон” журналларининг янги сонлари билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлади. 

Семинарда дам олувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оромгоҳларда ўтказиладиган ҳар бир кун таассуротларга бой бўлишини таъминлаш, кўнгилочар дастурлар, китоблар кўргазмаси, спорт ва бадиий танловлар уюштириш, тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. 
 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА 

Диққатдиққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар