Нукусда автобусда қайтимга жетон берган кондуктор танқид қилинди

"Қорақалпоғистон тонги" газетаси мухбири Ғ. Отажонов жетонлар муаммосини кўтариб чиқди. 

Қуйида газетада эълон қилинган ўша мақолани ўзгаришларсиз сизнинг ҳукмингизга ҳавола этамиз. 

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Нукус шаҳрида йўловчи ташувчи автобуслар учун сариқ, дамас ва газель автомашиналари учун кумуш рангдаги жетонлар жорий этилди.

Лекин, аҳоли орасида шаҳар чекка қисмларига йўловчи ташувчи баъзи “учар шофёрлар” (йўл кира ҳақини ошириб қатнаётгани учун) жетонларни қабул қилмаслиги, автобусларда нақд пул берган йўловчиларга қайтими учун жетон бераётгани ҳақидаги гаплар қулоққа чалинмоқда. Яқинда ўзим ҳам шу каби воқеанинг гувоҳи бўлдим. 

Шаҳар марказидан “10” рақам билан тегишли йўналиш бўйича йўловчи ташувчи автобусга чиқдим. Автобус “Тўрткўл гузари” йўлига қайрилгач кондуктор “қани проездларни тайёрлаб туринг”, — деди-да ҳайдовчи ёнидаги ўриндиққа илиниб турган кийимнинг чўнтагига қўлини солиб, 5-6 та жетонни қўлига олди. Мен жетонни узатгандим уни олиб менинг рўпарамда ўтирган (йўл кира учун 1000 сўм берган) аёлга узатди. Ҳалиги аёл иккиланиб турувди, — қайтими, автобусга берасиз, — деди-да жетонни қўлига тутқазди кондуктор. — Мен автобусга кунда минавермасдим, қайтимига пул берақол болам, деди хушмуомалалик билан аёл. Кондуктор эса унинг гапига парво ҳам қилмай орқа ўриндиқлар томон ҳаракатланиб, йўл кира йиғишда давом этди.

Кондуктор мен турган олд эшик томон яқинлашгач бу ҳолатга изоҳ сўрадим. — Сизга нақд пул бераётган йўловчига қайтими учун пул берсангиз бўлмайдими, қўлингизда бир даста пул турибди. Кузатиб турдим бор йўғи мен билан иккита йўловчи жетон берди. Шунга қанча йўловчининг кайфиятини буздингиз, йўқ жойдан муаммо кўтардингиз? Сиз “мен нима қиламан буни”, деб нақд пул берганларга қайтараяпсиз. Жетонларни белгиланган тартибда топширмайсизми, дедим. — Бизга кунига 20 та жетон қабул қиламиз, деб қўйибди. — Ким? — Бошлиқлар?...

Хўш, кондукторларга ҳақиқатдан ҳам шундай топшириқ ёки кўрсатма берилганми? Шунга аниқлик киритиш мақсадида дастлаб Нукус транспорт бошқармасига бордим. Улар Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўлимига йўналтирди. Бўлимнинг масъул ходими эса жетонлар бўйича ҳеч қандай эътироз мурожаат бўлмаганини, бу фаолият билан шуғулланаётган “Қорақалпоқтранс” автомобилда юк ва йўловчилар ташиш Республика ассоциациясига қарашли “AVTOTRANS JOYBAR” шўъба корхонаси мутасаддиларидан батафсил маълумот олишимни айтди. 

— Жетонларни истеъмолчиларга бир олган пайтида (ҳар бир туридан) 20 донадан сотиш тартибини жорий қилганмиз, — нимагаки, жетонлар сони чекланган бўлиб, улар доимий ҳаракатда бўлиши, қайсидир йўловчининг уйида ҳаракатсиз сақланиб қолмаслиги керак. Ипотека банки томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан сариқ рангли 40 минг, кумуш ранглидан дастлаб 80 минг, кейинчалик яна 79 минг жетонлар ишлаб чиқаришга буюртма бердик ва улар олиб келиниб, ҳозирги кунда жами 199 минг дона жетонлар йўловчиларнинг нақд пулсиз йўл кира ҳақларини тўлашга жорий қилинган.

Лекин, айни вақтда бизда бу каби шохобчаларни кўпайтириш имкони бўлмаяпти. Негаки, сотувга чиқарилган жетонлар ўз вақтида қайтарилмай кечикиш ҳолатлари учрамоқда.
Ушбу ҳолатни ўрганиш давомида дамас ҳайдовчилари ва кондукторлар нега жетонни олишни унчалик хуш кўрмаслигининг сабабини аниқлашга ҳаракат қилдик. Аниқланишича, йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланувчи корхона раҳбарларининг келишими билан жетонларни махсус шохобчаларда сотиш ва айланишини таъминлашда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг меҳнат ҳақларини қоплаш мақсадида 3 фоиз ҳақ олишга келишилган экан. Бу агарда бир дамас ҳайдовчиси 20 та эмас 100 та жетонни қабул қилган тақдирда ундан 2400 сўм, автобуслардан эса 1500 сўм белгиланган фоиз чегириб қолиниши мумкин. Ушбу манфаат учун белгиланган тартибга амал қилмаганлар ўзларининг манфаатидан келиб чиқиб “20 та жетон қабул қиламан”, дея йўловчилар эътирозини келтириб чиқараётган бўлиши мумкин. 

Ваҳоланки, Президентимизнинг тегишли қарорида йўловчилар ташиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини шакллантириш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифат даражасини ошириш, автомобиль транспорти корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхоналарга бир қатор имтиёзлар белгиланган. Жумладан, қарорда лизинг компаниялари ва ташувчиларнинг ўзлари янги сотиб оладиган микроавтобуслар учун республика йўл жамғармасига тўланадиган йиғим тўловидан озод қилиниши назарда тутилган. Шунинг¬дек, юридик шахслар шаҳар атрофидаги ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда (қишлоқ жойларда) автобусларда йўловчилар ташиш ҳажми бўйича ягона солиқ тўловидан озод қилинмоқда. 

Ўйлаймизки, тегишли мутасаддилар юқоридаги каби ҳолатларни келтириб чиқараёт¬ган сабабчиси ва иштирокчиларини тезда аниқлаб, муаммони ўз вақтида ва жойида ҳал қиладилар. Зеро, транспорт хизматида жорий қилинган янги тизим баъзи эътирозларни келтириб чиқариш учун эмас, мавжуд муаммоларни бартараф қилишга, халқ манфаатини таъминлашга хизмат қилмоғи лозим. 

Диққатдиққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даги гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар