Жорий йилда Қорақалпоғистонда 246 гектар боғ ҳамда 247 гектар узумзорлар барпо этиш режалаштирилган

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган давра суҳбатида Президентимизнинг “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган устувор вазифаларни партия электорати вакиллари ўртасида кенг тарғиб этиш, қарорнинг мазмун-моҳиятини деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарларига кенг тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Унда тегишли соҳа вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутатлари, фермер ва тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати хабар берди.

– Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 10453 гектар сабзавот, 4900 гектар картошка, 9508 гектар полиз маҳсулотларини экиш ва 246 гектар боғ ҳамда 247 гектар узумзорлар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, шундан 11 минг 100 гектар экин майдонларида сабзавот, 5300 гектар картошка, 9400 гектар ролиз, 4200 гектар бошоқли дон маҳсулотлари жами 30,0 минг гектар майдонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилди, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Камилжон Набатов. – Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, 2019 йилнинг 1 январигача замонавий ускуна ва технологиялар олиб киришда божхона тўловларидан озод этилади. Фикримча, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлақонли таъминлаш, тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратиш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда муҳим асос бўлади.

Тадбир якунида мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, бу борада партия олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Бўлимлар