Помидор нархида барқарорлик таъминланадими?

Бундан 15-20 кун олдин маҳаллий бозорларимизда картошка баҳосининг кескин ошиб кетгани кўпчиликни хавотирга солган эди. Ота-боболаримиз баҳор фаслига «илик узилди» дея баҳо беришган. Нархларнинг ошганлиги ҳам боболаримиз таърифлашган тақчил даврнинг таъсири бўлса керак. Бугун Нукус деҳқон бозорини айландим. Янги узилган картошка, помидор 3 минг сўм, пиёз 2 минг сўм, бодринг минг сўм ва бу нархлар ҳам кун сайин арзонлашиб бормоқда. 

Бозорда сотувчи ва харидорлар билан нарх-наво ҳақида суҳбатлашар эканман, уларнинг кўпчилиги ўтган куз фаслида помидор нархи кескин ошиб кетганини ва жорий мавсумда қандай бўлиши уларни қизиқтираётганини айтишди. 

Хўш, жорий мавсумда помидор нархи яна ошадими ёки нарх¬лар барқарорлигини сақлашнинг чоралари кўрилганми?

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, республикамизда 2017 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларда асосий майдонлар, боғ-ток қатор оралари ва такрорий майдонларга 26 минг 744 гектар майдонга помидор, бодринг, сабзи, карам, шолғом ва бошқа сабзавот экинлари экилиши режалаштирилган. Бундан ташқари жорий мавсумда аҳолининг томорқа майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш борасида олиб борилган кенг кўламли ишлар, бу борада уруғлик ва кўчатлар учун банклар томонидан кредитлар ажратилаётгани ҳам бозорларимиз тўкин-сочинлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир. 

Биз, республикамизда сабзавот-полиз маҳсулотларини энг кўп етиштирадиган ҳудудлардан бири Нукус тумани миришкорлари билан ҳам суҳбатлашдик. Маълумотларга кўра ўтган йилги ҳолатни инобатга олган ҳолда жорий экиш мавсумида туманда сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштирадиган майдонларнинг 45-50 фоизига помидор экилган. 

— Биз етиштирган помидор маҳсулотлари қўшни вилоятлар ва ҳатто Тошкентдаги деҳқон бозорларигача олиб бориб сотилди, — дейди тумандаги сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Зарликов. — Ўтган йилги қиш фасли ҳар қачонгидан илиқ келгани учун сабзавот полиз, айниқса жанубий вилоятлардаги помидор экинларига зараркунандалар кўпроқ зиён етказди. Натижада бизнинг маҳсулотимиз бошқа вилоятларга сотила бошлади ва маҳаллий бозорларимизда ҳам нархлар нисбатан ошди. Лекин, ўша вақтда ҳам энг арзон нархдаги помидор бизнинг маҳаллий бозорларимизда бўлди. 

Маълумки, кўпчилик помидордан томат пастаси тайёрлаб, қишки захирани ғамлайдиган маҳал бозорларда помидор маҳсулотига бўлган талаб ортиб кетади. Биз асосан айнан шу вақтда пишиб етиладиган ўрта ва кечпишар навларини уруғдан экамиз. 
Ўтган йили 220-250 центнердан ҳосил олишга эришган бўлсак, жорий мавсумда бу экинни кўпроқ майдонга экдик ва ҳосилдорликни ҳам янада оширишга ҳаракат қилмоқдамиз. ­алладан бўшаган майдонларга ҳам сабзавот-полиз маҳсулотларини экишни режалаштирганмиз. 

Хуллас, республикамизда Бахтиёр ака каби сабзавот-полиз, хусусан помидор экиб, парваришлаётган деҳқон-фермерлар, томорқа эгалари кўп. 

Эътиборлиси, уларнинг саъй-ҳаракатлари, қилаётган меҳнатлари ўз самарасини бераётир. Даладаги экинлари баравж ривожланмоқда, касалликлар ва зараркунандаларга қарши чоралар кўрилаётир. Демак, жорий мавсумда бу маҳсулотга бўлган талаб ва таклиф бир-бирига мувофиқ келади ва албатта, помидор нархида барқарорлик таъминланади.

Ғайратжон Отажонов. "Қорақалпоғистон тонги" газетаси

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бўлимлар