Нукуслик ўқитувчилар: “Айбимиз инглиз тилини билганимиздами?”

Кун.uz таҳририятига ўқитувчилар томонидан бесабаб ҳашарга чиқаришлар, таъмирлаш ишларига жалб этишлар, пул йиғимлари ва шу каби муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлар келиши давом этмоқда. Ана шундай мактублардан бирида шундай дейилади:

“Ассалому алайкум. Биз Нукус шаҳар мактаб ўқитувчилари номидан ёзаяпмиз. Ҳар йили ёз ойларида мактаб таъмирлашлари бошланади. Бунинг учун мактаб директори томонидан ҳар бир ўқитувчига қурилиш материаллари олиб келиш топширилади. Яъни ҳар бир ўқитувчи камида бир қути бўёқ, чётка олиб келиши ва уч нафар ўқитувчи усталарнинг бир кунлик овқатини қилиб келиши керак бўлади. Бу ишларнинг ҳаммасига камида 150-200 минг пул сарф қиламиз. 

Ўзи яқинда пахта даласидан қайтдик. У ерда 20 кун бўлдик. Май ойининг маоши тўлиқ шу ишларга сарфланди. Бундан ташқари, мактаб директори икки кун олдин йиғилиш қилди. Барча инглиз тили ўқитувчилари ўзига бириктирилган синфларни 1 июлгача яхшилаб таъмирлаши кераклиги айтилди. Шундан кейин меҳнат таътилига кетасизлар дейишди. 

Ҳар йили ёзда ўзимизга бириктирилган синфни таъмирлаймиз. Айниқса, инглиз тили ўқитувчиларига қийин. Ҳар йили мана шундай ишларга бир ойлик маошимиз сарф бўлиб кетади. Айбимиз инглиз тили ўқитувчиси бўлганимизми билмадик. Ахир мактаб ва синфлардаги таъмирлаш ишлари раҳбарият томонидан амалга оширилиши керак эмасми?

Айни кунларда янги машмаша бўлиб турибди. Бизга юқоридан инглиз тили хоналари учун янги кўринишдаги таъмирлашнинг суратларини кўрсатишди ва ўтган йили таъмирдан чиққан хоналарни ана шу кўринишга келтирасизлар дейишди. Яна таъмирлашми, десак иш керак бўлса қиласизлар, бу топшириқ юқоридан келди, дейишди. Шу гап ростми? Ҳар жума куни инглиз тили ўқитувчиларининг ўқиши бўлади. Ҳамкасблар шу ҳақида гаплашамиз, барча мактабда шу аҳвол экан. 

Буниси ҳали холва. Мактаб ўқитувчиларига на байрам, на рағбатлантириш пули умуман берилмайди. Ҳатто 1 октябрь - Ўқитувчилар байрамида ҳам. Илтимос, халқ таълим вазирлигидаги мутасадди вакиллар бу ишга ўз эътиборларини қаратишса, адолат ўрнатилса”.

Мурожаат анчайин жонли ёзилган. Барча фактлар келтириб ўтилган. Сўнгги пайтларда ўқитувчилар томонидан юборилаётган шикоятларни ўргана туриб, инсон хаёлига ғалати хулоса ёпишиб олди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқ таълими тизимида кўрсатиб берилган ислоҳотларни амалда қўллашда ёки англашмовчилик бўляпти ёки хулоса нотўғри чиқарилган. Ўйлаймизки, якунда барча ишлар айнан назарда тутилгани каби чиройли бўлади.

Манба: Kun.uz

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар