Қорақалпоғистонда 2 триллион 156 миллиард сўмлик 212 та янги лойиҳани амалга оширилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифида Оролбўйида кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича бир қатор вазифа ва топшириқлар берган эди. Ана шуларни бажариш мақсадида айни пайтда ҳудудда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, «Қорақалпоғистон Республикасида 2017-2021 йилларда экспортбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни тубдан ривожлантириш Дастури» бўйича умумий қиймати 2 триллион 156 миллиард сўмлик 212 та янги лойиҳани амалга ошириш, унинг самарасида 4 минг 496 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилмоқда.

Ушбу дастур доирасида 2017 йилнинг ўзида 207 миллиард сўмлик 110 та инвестицион лойиҳа рўёбга чиқарилади. Эътиборлиси, цемент, сўндирилган оҳак, газобетон, вермикулит, лок бўёқ каби янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши ҳамда қурилиш материаллари экспорти ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга ошиши кутиляпти. Шунинг¬дек, фойдаланилмаётган 40 та норуда қазилма бойликларидан самарали фойдаланиш асосида янги корхоналар ташкил этилади.

Нукус шаҳридаги «NUKUS WINDOWS PROFIL» масъулияти чекланган жамияти бундан икки йил муқаддам ташкил этилиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида муваффақиятли фаолият юритаётган пешқадам корхоналардан бири. Зеро, бу ерда тайёрланаётган юмшоқ мебель, МДФ эшиклар, АКФА деразалар каби кўркам маҳсулотларга талаб катта. 

— Корхонамиз хорижнинг қиймати 2 миллиард сўмлик, йилига 90 минг дона маҳсулот тайёрлаш қувватига эга замонавий ускуналари билан таъминланган, — дейди масъулияти чекланган жамият раиси Бердимурат Қалимбетов. — Бу, маҳсулот сифати ва харидоргирлигини таъминлашда асосий омил бўлмоқда. Яратилган ўттиз бешта янги иш ўринларини асосан ёшлар банд этишган. Ўтган йили улар томонидан буюртмачиларга 330 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот етказиб берилди.

Бу Оролбўйида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга бир мисол, холос. Асосийси, буларнинг бари инсон манфаатига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ, «Қорақалпоғистон тонги» нашри.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бўлимлар