Таклиф: Қорақалпоғистонда Пресс клуб очиш керак

Халқаро Пресс Клуб кўпчилик кутганидан ҳам анча муваффақиятли ишламоқда.  Айниқса Пресс клубнинг телевидение орқали жонли эфирда намойиш этилиши унинг “авторитети”ни анча кўтариб юборди. 

ХПК раиси Шерзод Қудратхўжайевнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги,  клуб меҳмонлари ҳақида олдиндан маълумотлар бериб борилиши,  тармоқлардаги муҳокамалар ҳам унинг ютуғи экани ҳеч кимга сир эмас.

Энг муҳими, Президентимиз таъкидлаганидек мазкур Пресс клуб орқали халқ ўз вазирларини танимоқда ва уларнинг фикрлари билан қизиқмоқда.  Энди интернет сайтларда санъаткорларнинг фикрлари,  унинг нима еб ичишлари ва шунга ўхшаш янгиликлар эмас,  аксинча сиёсатчиларимизнинг фикрлари кўплаб бериб борилмоқда.  Сайтларда замонамиз қаҳрамонлари ўзгара бошлади.  

Энди мана шундай Пресс клубни Қорақалпоғистон Республикасида (жумладан барча вилоятларда ҳам) ташкил қилиш вақти келди. 

Қорақалпоғистондаги вазирлар,  шаҳар ва туман ҳокимлари,  бошқарма бошлиқлари ва бошқа лавозимли шахслар халқ олдига чиқиб ҳисобот топширишса,  журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришса ва мазкур жараён Қорақалпоғистон телеканали ва Нукус ФМ радиоси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилса нур устига аъло нур бўлган бўлар эди.

Умид қиламанки,  мазкур таклифимни тегишли раҳбарлар ўйлаб кўришади ва бизда ҳам яқин орада ПРЕСС КЛУб очилишини кутиб қоламан.

Фурқат Юсупов

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бўлимлар