Қорақалпоғистонда тегишли рухсатномасиз хонадонида қурол сақлаган фуқаролар аниқланди

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари айрим фуқаролар томонидан ўқ-отар қуролларнинг ноқонуний сақланишига доир қонунбузарлик ҳолатларини фош қилишди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

 

Хусусан, фуқаро Ж.Тажимуратовнинг (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) яшаш хонадони амалдаги тартибларга биноан ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадонининг хўжалик томорқасига эски кийгизга ўралган ҳолда 1 дона бир стволли ов милтиғи, 2 дона патрон ва 38 дона гильзалар кўмиб қўйилганлиги фош қилинди.

Шу тарзда қонунбузар ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ушбу қурол-яроғларни ноконуний равишда саклаб келган.

Шунингдек, Қўнғирот туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида яна бир фуқаро О.Азаматовнинг ҳам яшаш хонадони амалдаги тартиблар асосида ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, бу ерда ҳам 1 дона бир стволли ов милтиғи ва 3 дона гильзалар яширин равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Кегейли туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Мамбетов эса хонадонини кўздан кечириш пайтида “топилган” 1 дона икки стволли ов милтиғига тегишли биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади.

Мазкур ҳолатлар юзасидани жиноий ишлар қўзғатилди ҳамда суд томонидан тегишли жазо чоралари кўрилди.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида қурол-яроғ ва ўқ-дориларни божона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтиш, бу каби совуқ қуролларни тегишли рухсатномаларсиз ўз хонадонларида сақлаш билан боғлиқ бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинди.

Натижада 6 та ўқ отар қурол, 11 дона ўқ, 103 дона гильза, 10 кг дробь, 1324 дона капсула, 26 гр. порох, 496 дона пневматик патронлар, 912 дона пневматик ўқлар капсуласи, 10 дона электрошокерлар далилий ашё тариқасида олиб қўйилди.

Шу ўринда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси фуқароларга божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар юзасидан (0361) 224-02-68 ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

Бўлимлар