Депутатлар сизларни ижтимоий тамоқларда кутамиз!

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари,  сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати,   халқ депутатлари вилоят,  туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда кейинги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганидан кўпчиликнинг хабари бор. 

Ушбу йиғилишди Президентимиз Шавкат Мирзиёев партиялар фаолиятини ва депутатларнинг иш услубларини танқид қилди.  Эътиборли жиҳати президент "Депутат ва сенаторлар ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш учун Интернетда,  ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, зарур маълумотларни уларга киритиб боришлари лозим.  Дунёдаги кўпгина мамлакатлар аллақачон шу тизимга ўтган",  дея фикр билдирди.

Ушбу фикр мени жудаям хурсанд қилди.  Энди нафақат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, балки вилоят, шаҳар ва туман кенгаши депутатлари ҳам ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очишади.  Бу эса улар билан мулоқот қилишни янада осонлаштирди. 

Агар ҳар бир депутат ижтимоий тармоқларда анча фаол бўлса ва албатта ўзи амалга ошираётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб турса,  бу сайловчиларни ҳам хурсанд қилади.  Табиийки кейинги сайловларда сайловчилар депутатларнинг амалга оширган ишлари ҳақида тармоқлар орқали ҳам маълумот олиб,  ўзлари учун муносиб номзодга овоз беришлари мумкин бўлади.  Шунингдек,  сайловчилар ўз депутатларига мурожаатларини ижтимоий тармоқлар орқали ҳам йўллаш имкониятига эга бўладилар. 

Энг муҳими,  ижтимоий тармоқларда кўзбоямачилик,  расмиятчиликка қўл уриш осон бўлмайди.  Уларнинг саҳифаларини минглаб одамлар кузатиб боришади ва улар жамоатчилик назоратида бўлади. Ишламаётган депутатлар танқид қилинади. Бунга улар ҳам ҳар томонлама тайёр туришлари керак бўлади. 

Олдинлари кўпчилик депутатлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга қўрқишарди. Ҳа, тармоқларда фаол депутатлар ҳам йўқ эмас,  бироқ кўп ҳам эмас.  Улар ўзларига билдириладиган танқидий фикрлардан чўчишарди.  Энди эса бунақаси кетмайди. Президент таъкдилаганидек,  энди ишлаётган билан ишламаётган депутат бир қаторда турмайди.

Яна бир жиҳатни айтиб ўтиш лозим,  агар депутатлар ижтимоий тармоқларда амалга оширган ишлари орқали хабар бериб туришса,  бу интернет сайтлари учун ҳам анча қулай бўлган бўлар эди.  Боиси энди журналистлар ҳар бир депутатнинг амалга ошираётган ишлари ҳақида тармоқлар орқали маълумот олиб,  уни халққа йетказиб туришади.

Ҳар йил охирида ҳар бир ҳудудда "Ижтимоий тармоқлардаги энг фаол депутат"ларни аниқлаб боришни таклиф қилган бўлардим.  Шу асосида рейтинг шакллантирилса ва тармоқдан суст фойдаланган депутатларга чора кўрилса,  фаоллари эса рағбатлантирилса,  бу депутатларнинг ижтимоий тармоқни шунчаки расмиятчилик учун очиб қўймаслиги ва шу ерда халққа ҳисобот бериб бориши учун ҳаракат қилишига ҳам туртки бўлармиди. Бу тизим йўлга қўйилса,  2 йилдан кейин ҳаммаси бутунлай бошқача бўлиб кетиши аниқ.  Хуллас энди депутатларни ижтимоий тармоқларда кутамиз!

Фурқат Юсупов

Бўлимлар