Нукусдаги қайси кўчаларга светофор керак?

Светофор ҳаракат кўп бўладиган йўлларнинг чорраҳасига қўйилиши ҳаммамизга маълум. Пойтахтимиз Нукус шаҳрида кун сайин йўлларда ҳаракатланувчи автотранспорт қуроллари кўпайиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Шундай ҳолатда шаҳримизнинг айрим йўллари чорраҳасига светофор ўрнатилиши керак, дея ёзмоқда "Karinform.uz"

Масалан, Эски шаҳар минтақасидаги Садраддин Айний ва Қорақалпоғистон кўчалари, 266 кичик туман тарафдаги Пиржан Сейтов кўчаси билан Ақманғит шоҳ йўли чорраҳаси, шунингдек, Пиржанн Сейтов кўчаси билан Мардлик (собиқ Орақбай Қулимбетов) кўчалари чорраҳасида светофорга муҳтожлик мавжуд. Айниқса, Пиржан Сейтов кўчасининг Эски шаҳар минтақаси томондан бошланишидан Ақманғит шоҳ йўлигача 1 академик лицей, 1 мактаб, 5 ўрта махсус таълим муассасаси, бирнечта савдо-сотиқ объектлари ва кичик бозор мавжуд, аммо, битта дона ҳам светофор йўқ. Тегишли йўл белгилари, йўл «зебралари» бўлишига қарамай, кўпчилик автомобиль бошқарувчилари уларга деярли бўйсинмасдан, тезликни меёридан оширади. Шу сабабли, ушбу кўча билан кесишадиган бошқа кўчалар (масалан, юқорида қайд этилган Мардлик кўчаси) да ҳаракатланаётган автомобильлларнинг Пиржан Сейтов кўчасига тушиши қийин бўлиб қолмоқда.

Биз номларини қайд этган бошқа кўчаларда ҳам аҳвол мана шундай. Светофор – ҳаракатларимизни тартибга солиш орқали умримизни кафолатлайди. Шундай экан, буларнинг ҳаммаси пойтахтимиз аҳолисининг омонлиги, саломатлиги учун хизмат қилади.
 

Бўлимлар