Собир Нуруллаев: "93 ёшимда ҳам велосипед ҳайдашни яхши кўраман"

Инсон то ҳаёт экан, нафақат ўзи, балки оиласи, ён-атрофидагилар ва бутун жамиятга ўзини дахлдор, деб билади, юрт тинчлиги, осойишталиги ва фаровонлигига ҳисса қўшишдек эзгу ният билан яшайди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда ўзбекистонлик барча ишга яроқли эркакларни қўлига қурол олиб, Ватан ҳимояси учун, бутун инсониятни фашизм балосидан асраш учун ҳаёт-мамот жангларига киришга ундаган туйғу ҳам шу бўлса керак. Собиқ иттифоқ ҳудудига хиёнаткорона бостириб кирган душманлар билан бўлган жанглар беаёв, беомон бўлмади.

"Тараққиёт кўзгуси" газетаси 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уларнинг хонадонида бўлиб, суҳбатлашди.

Собир НУРУЛЛАЕВ, Навоий номли маҳалладан:

- Мен урушга кетганимда 18 яшар йигит эдим. Радиода бериладиган эшиттиришлар орқали уруш хабарларини эшитиб, юрагимизни ваҳм босиб борарди. 

Шундай таҳликали кунлар менинг кўнглимда тезроқ урушга борсам, душман  билан олишсам, деган ниятни тобора авж олдирарди. Бу ниятим 1942 йилнинг кўкламида амалга ошди. Олломберган Ўрозоқов, Собир Бобожонов, Давлатбой Бобожонов деган йигитлар билан Манғит туманидан чақирилган саф-саф йигитлар бирга йўлга тушдик. Ҳали ҳозиргача аниқ эслайман, ўша вақтда ҳеч кимнинг кўнглида қўрқув  ё ўз жонини асраш деган ўй йўқ эди, сидқидилдан душман  билан олишамиз, енгамиз деб ният қилган эдик. Ниятимизга етдик. Худога шукур, мана роҳатини кўриб яшаяпмиз.

Ҳар йили 9 май куни хонадонимизда байрам бўлиб кетади. Қариндошлар, қўшнилар, фарзандларим, невара, чевараларим, бутун эл қутлагани чиқади, доим ҳолимдан хабар  олиб туради. Уларнинг меҳридан, ғамхўрлигидан куч олиб, 93 ёшимда ҳам бардам, бақувват юрибман. Балиқ овлаш энг севимли машғулотим, яна велосипед ҳайдашни яхши кўраман. Велосипедда равон  кўчаларда сайр қилиш, бахтиёр одамлар билан саломлашиб, омонлик сўрашиш қандай яхши! Шу машғулотлар билан соғлигимни асрайман.

Бўлимлар