Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши Президент марузасига муносабат билдирди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўйича Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгашида муҳокама бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон овози» мухбири Минажатдин Қутлымуратов «KRuz.uz»га хабар берди.

Тадбирни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши  раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Халилла Ешимбетов бошқариб борди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маърузасидан келиб чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. 

— Муҳтарам Президентимиз ўз маърузасида сиёсий партиялар фаолиятидаги айрим муаммо ва камчиликлар ҳақида сўз юритди, — дейди «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон ХДП фаоли Назира Матякубова. — Масалан, бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармай келмоқда. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмади. Сиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаяпти. Масалан, Халқ демократик партияси ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатларининг ҳимоячиси сифатида намойиш этади. Лекин, холисона айтадиган бўлсак, партия шу мақсад йўлида ҳақиқатан ҳам амалий иш олиб боряптими? деган фикрларини билдириб ўтди.

Сиёсий партияларда бу соҳада ҳалигача хотиржамлик, қандайдир мудраб ўтириш кайфияти ҳукм сурмоқда. Ҳеч кимга фойдаси бўлмаган мажлислар соатлаб давом этмоқда, танқидий таҳлил ўрнига майда масалалар билан ўралашиб, долзарб муаммоларнинг ечими четда қолиб кетаётгани, ҳар бир партиянинг дастурида вазифалар ва йўналишлар аниқ белгиланганлиги, лекин бу борада аниқ ишлар бормаёгани хусусида фикрлари муҳокама қилинди.

— Сиёсий партияларнинг жойларда, туман бўлимларида ишлаётган ходимларининг фаолияти қониқарсиз, кўп ҳолларда электорат билан тизимли мулоқот ўтказиш у ёқда турсин, ўзининг асосий вазифаси нимадан иборат эканини ҳам билмайди деган Президентимизнинг танқидий фикрларини тўғри қабул қиламиз, — деди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши  раиси ўринбосари Нурлан Кышанов. -Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди баландпарвоз гапларнинг ўрнига, аниқ амалий ишлар билан сайловчилар ишончини қозонишимиз, уларнинг қалбидан жой олиши керак.

Бундан ташқари муҳокама доирасида партия фаоллари сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди. Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши тадбир сўнгида ўзларига вазифалар белгилаб олди.

 

Бўлимлар