91 ёшли Қадирбой Нарманов: "Бугунги дориломон кунлар ана шундай қийинчиликлар эвазига келган"

Фронт орти меҳнати фахрийси истиқомат қилаётган хонадондан “камолот”чиларнинг кети узилмайди. Ҳар доим ёшлар даврасида ўша машъум оловли йиллар хотираларини, халқимизнинг жангоҳларда ва фронт орқасида кўрсатган мардлик ва жасорат намуналарини сўзлаб беради.
Амударё туманининг олис қишлоғида яшаётган Нарман оға ва Пердегул опа хонадонида туғилган тўнғич фарзанд Қадирбойнинг ёшлиги 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушига тўғри келди. Эндигина 7 синфни тамомлаган Қадирбой урушда ғалабани таъминлаш учун фронт орти меҳнатига жалб этилди.
У ўзи туғилиб ўсган қишлоқда туриб, қирғинбарот жангларда қон кечаётган аскарлар учун озиқ-овқат маҳсулотлари, пахта, буғдой етиштирди. 1943 йили ўн саккиз ёшга етганда, Қадирбой аскарликка чақирилди. Хива шаҳрида ҳарбий тайёргарлик машғулотларини ўтади. 1944 йили эса соғлиги ёмонлашгани боис, овулига қайтарилди.
— Қўлимга қурол олиб душман билан юзма-юз келмаган бўлсам-да, уруш келтирган талофатни ҳис қилиб, халқимизнинг бошига тушган оғир кунларни кечирдим, — дейди Қадирбой ота. — Ёшу қари, барча бирдек душман устидан ғалаба қозонишга интилардик. Ўз меҳнатимиз билан фронтни озиқ-овқат билан таъминлар эдик. Жуда оғир дамлар эди. Ҳар бир хонадонда урушнинг касофати билиниб турарди. Бугунги дориломон кунлар ана шундай қийинчиликлар эвазига келган.
Ота-онасидан эрта ажраб қолган Қадирбой уч иниси ва бир синглиси учун ҳам масъул бўлиб қолди. Уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишларига кўмаклашди. 1954 йили Нукус шаҳрига кўчиб келиб, қўним топди, уларини ўқитди, уйли-жойли қилди.
Умр йўлдоши Ўрозгул момо Аметова билан бир ўғил ва тўрт қизни тарбиялаб вояга етказди. Айни чоғда 23 невара ва 15 чеваранинг суюкли буваси бўлган Қадирбой Нарманов фарзандларининг бахтини кўриб, шукрона айтади.
— Бугунгидек доруломон, тўкин-сочин кунлар сира бўлган эмас, — дейди Қадирбой ота. — Элимиз тинч, фарзандларимиз бахтиёр. Уларнинг ўқишлари, илм олишлари учун яратилаётган имкониятларни айтмайсизми, юртимизнинг йилдан йилга кўзни қувонтирадиган даражада гўзал бўлиб бораётгани, бир биридан чиройли иморатлар, боғлар, ҳиёбонларни кўриб кўнгил яйрайди. Буларнинг бари Юртбошимизнинг халқпарварлигидан, ёшларни севганидан. Биз кексалар ҳам Президентимизнинг улкан ғамхўрликларини ҳар доим ҳис қилиб яшаймиз, билдирилаётган эътибор ва эъзоздан бошимиз осмонда. Бундан куч-қувват олиб, ўзимизни янада тетик ва бардам ҳис қиламиз.
Қадирбой ота юртимизнинг тинчлиги, халқимизнинг фаровонлигини тилаб, дуога қўл очди...
А.ОРТИҚБОЕВ, qqtongi.uz

Бўлимлар