Ражаб Эшмонов: "Ярадор бўлиб қайтиб, душман билан ғалабагача олиша олмаганим кўнглимда армон бўлиб қайтгандим"

Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда ўзбекистонлик барча ишга яроқли эркакларни қўлига қурол олиб, Ватан ҳимояси учун, бутун инсониятни фашизм балосидан асраш учун ҳаёт-мамот жангларига киришга ундаган туйғу ҳам шу бўлса керак. Собиқ иттифоқ ҳудудига хиёнаткорона бостириб кирган душманлар билан бўлган жанглар беаёв, беомон бўлмади.

"Тараққиёт кўзгуси" газетаси 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уларнинг хонадонида бўлиб, суҳбатлашди.

Ражаб ЭШМОНОВ,  "Холимбег” овулидан:

- Мен урушга 1942 йил 20 июнда Манғит бозори олдидан жўнаган эдим. Тумонат одам йиғилган. Шунда бир ҳарбийча кийинган  йигит олдинга чиқиб, чақирилувчиларнинг исм-фамилияларини ўқиди ва араваларга мининг, деди. Аравада Гурлангача, Гурландан пароходда Чоржўйга, кейин  поездда Саратовга бориб тушдик. Тўрт ойлик ҳарбий тайёргарликдан сўнг 1-Украина фронти таркибидаги қисмлардан бирига келиб тушдик ва жангга кирдик.

Жанг  манзараларини эслашнинг ўзи оғир. Лекин ҳеч ким нолимас, сувсадим, очқадим демас, фикру ёдимиз тупроғимиздан душманни ҳайдаб чиқаришда эди. Шу йилнинг  декабри охирларида бир куни уйқудан уйғонгандай бўлиб кўзимни очдим. Қарасам, жанг  майдони эмас, госпиталдаман. Шундагина оғир яраланганимни, бир неча  кун шу  ерда беҳуш ётганимни англадим. Жароҳатим оғир ва кўплиги сабабли шу ерда бир йил даволандим ва 1943 йил декабрнинг охирида уйимга қайтдим. Ярадор бўлиб қайтиб, душман билан ғалабагача олиша олмаганим кўнглимда армон бўлиб қайтгандим. Келиб, 17-сонли мактабнинг юқори синф ўқувчиларига бошланғич ҳарбий таълимдан дарс бердим, юртимиз ўғлонлари кўнглида Ватан ҳимояси учун қалқон бўлишдек муқаддас туйғуни тарбиялашга  ҳаракат қилдим. Кейинчалик хўжаликда зоотехник, бригада бошлиғи бўлиб ишладим. Худога шукур, бугунги дориломон кунларга етдик.

Бўлимлар