Ражаб Юсупов: "Биз кўрган жабр, уқубатларни, урушни эндиги авлодлар кўрмагай, деб яратгандан тинимсиз тилайман"

Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда ўзбекистонлик барча ишга яроқли эркакларни қўлига қурол олиб, Ватан ҳимояси учун, бутун инсониятни фашизм балосидан асраш учун ҳаёт-мамот жангларига киришга ундаган туйғу ҳам шу бўлса керак. Собиқ иттифоқ ҳудудига хиёнаткорона бостириб кирган душманлар билан бўлган жанглар беаёв, беомон бўлмади.

"Тараққиёт кўзгуси" газетаси 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уларнинг хонадонида бўлиб, суҳбатлашди.

Ражаб Юсупов, Қиличбой овулидан:

- Мен урушга 1942 йилда кетиб, бир ярим йилча оловли сўқмоқларда кечган даврларимни эсласам, бугунгидай дориломон, тўкин-сочин, фаровон кунлар учун фахрдан кўнглим тўлиб кетади. Биз кўрган жабр, уқубатларни, урушни эндиги авлодлар кўрмагай, деб яратгандан тинимсиз тилайман. Илоҳим, энди бутун ер юзида тинчлик бўлсин!

Биз овулдош дўстлар Ҳайитбой Омонов, Болтабой Матирзаевлар урушга бирга отланганмиз. Худога шукур, урушдан омон элга қайтиш учовимизга ҳам насиб этди.

Мен 1943 йил охирида ярадор бўлиб қайтиб келдим. Келгач, яримжонман демай, собиқ М.Горький номли совхозда ишчи, табельчи бўлиб ишладим. Тўққиз ўғил, 2 қизнинг отаси  бўлдим. Ҳозир 60 дан зиёд невара, 20 дан зиёд чеварам бор. Атрофимда ота-ота, деб чуғурлашиб юрганларида уларнинг бахтиёрлигини, ғам-ташвишсиз яшаётганини кўриб, қувончим ичимга сиғмайди. Илоҳим юртимизнинг тинчлиги, осойишталиги боқий бўлсин, дейман!

Бўлимлар