Шўмонойдаги сайёр қабулда тадбиркорнинг ер масаласи бўйича мурожаати тезда қаноатлантирилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг Шуманай туманида бўлиб ўтган сайёр қабулида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқ билан мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишнинг самарали усули экани яна бир бор ўз тасдиғини топди, дея ёзмоқда ЎзА.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Шуманай туманидаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар мутасадди раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилди. 

Мурожаатлар асосан, банкдан кредит олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, турар жой, коммунал хизмат, соғлиқни сақлаш, таълим тизимига алоқадор масалалар, пенсия ва нафақа таъминоти, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар хусусида бўлиб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. 

– Янги иморат қуриш, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш учун ер участкаси ажратилиши бўйича қилган мурожаатим тезда ҳал бўлди, – дейди Тлеумурат Кенесбоев. – Бу режа амалга ошса, 10 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланади. Мурожаатларни самарали ҳал этишнинг бундай замонавий тизими йўлга қўйилганидан барчамиз хурсандмиз. 

Тадбир сўнгида барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилотлар раҳбарларининг халқ олдида ҳисоботини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Бўлимлар