DJ Миран: Қорақалпоқ эстрадаси ривожланмаяпти, хонандалар орасида рақобат йўқ (очиқ гаплар)

Нукус ФМ радиосида "5х5" эшиттиришининг  2-сонида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Миратдин Абдуллаев яъни DJ Миран меҳмон бўлди. Хонанда эшиттиришнинг биринчи қисмида бошловчилар Фурқат Юсупов ва Шахзада Базарбаеваларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Шахзада Базарбаева: Сизнинг фикрингизча бугунги кунда эстрадамизда қайси қўшиқчи сизга тақлид қилади ёки сиз тақлид қиладиган хонанда борми?

Миран: Бу саволингизга аниқ жавоб бера олмайман. Ёш хонандаларнинг кўпчилигини танимайман. Саноқли шогирдим бор. Шуларгина эсимда бор. Ҳозир олдингидек «запис студия»лар борасида оқсоқламоқдамиз. Шу боис, кимнидир аниқ тақлид қилади деб айта олмайман. Ўзи биласми бу дунёда ҳамма бир бирига тақлид қилади. Масалан мен жаҳон эстрадаси хонандасига тақлид қилгим келади.  Ҳар кимни ўзини севимли қаҳрамони бўлади. Баъзида қайсидир хонандада ўзимда бор нарсаларни,  ҳаракатларимни пайқаб қоламан.  Исмларини айтмай қўя қолай уларни. 

Шахзада Базарбаева: Бугунги кунда қорақалпоқ эстрадасидаги янги хонандаларни унчалик ҳам танимайман дедингиз. Нима учун унчалик танимайсиз?Айни пайтда ижтимоий тармоқлар анча ривожланган. 

Миран: Ижтимоий тармоқлар ривожлангани билан,  кўпчилик инсонларда ҳалиям тармоқлардан фойдаланиш имконияти йўқ. Бирор қўшиқни интернетдан тортиб олиш имконига эга бўлмаганлар ҳам бор. Бизда ҳали ижтимоий тармоқлар юқори даржага чиқмаган. Сабаби кўп ерда интернет йўқ. Тўғри шаҳар ичида бўлиши мумкин, бироқ туманларга чиқиб кетсанг интернет билан боғлиқ муаммолар етарлича топилади.  Томнинг бошига чиқиб интернетга кирадиганлар бор.  Шу боис ҳам бизда ижтимоий тармоқлар ривожланган деб айта олмайман. Ижтимоий тармоқлар ривожланган жойда санъат ҳам ривожланади.

Шахзада Базарбаева:  Демак,  сиз айтмоқчисизки,  тармоқлар ривожланса қорақалпоқ эстрадаси ҳам ривожланади…

Миран:  Йўқ,  фақат тармоқлар эмас.  Биз эстрадага кириб келган пайтимизда бозорда диск сотадиган дўконлар жуда кўп эди.  Бозордан ўтиб бораётган одам бирор қўшиқни эшитса, “Ҳа бозорда мана шу қўшиқ хит бўлаётган экан” деган фикрга келади ва уни излайди,  эшитади.  Шу кўпроқ эффект беради.  Санъатимиз ҳозир ривожланмаяпти,  аксинча пастга шўнғимоқда. 

Шахзада Базарбаева: Ривожлантириш учун нима қилиш керак?

Миран:  Ривожлантириш учун одамларда изланиш бўлиши керак.  Ёш хонандаларда қизиқувчанлик йўқ. Нима учун қизиқувчилик йўқ? Сабаби ҳозирги кунда кўп томонлама чегаралаб ташлашди. Ўзлари хоҳлаган қўшиқларни айта олишмаяпти.  Шунингдек,  айрим қўшимча тўловлар ҳам ривожланиш учун тўсқинлик қилмоқда.

Фурқат Юсупов: Фақат тингловчиларни айблаб қўйиш ҳам тўғримикан? Хонандаларда ҳам айб бордир балки? Олдингидек изланиш,  хит қўшиқлар кам ёки телевидениеда уларнинг қўшиқларини деярли эшитмаймиз.

Миран:  Тўғри айтасиз. Тингловчиларни айбламайман. Улар ўзларига керагини олишади.  Яна айтиб ўтмоқчиманки,  хонандалар изланмаётган бўлиши мумкин эмас.  Хонандалар қўшиқ айтиб,  излангиси келади.  Уларда қизиқиш бўлмай қоляпти.  Баъзида уларга кимдир “сени қўшиғинг бўлмайди” деб айтса,  “қўшиқ айтиш мени қўлимдан келмас экан” деган ҳаёлга бориб,  санъатни тарк этаётганлари ҳам йўқ эмас. Агар хонандаларга ҳам енгилликлар яратиб берилса, улар ҳам изланиб,  ўз устиларида янада ишлашади деб ўйлайман. Бизлар энди чиқиб бошлаган пайтимизда ёш хонандалар орасида рақобат бўларди. Биз бир-биримиз билан рақобатлашардик.  Бу ерда пул рўл ўйнамайди.  Мен унинг клипидан яхшироқ клип чиқарсам деб,  бир бири билан мусобақалашишарди.

 

Фурқат Юсупов:  Демак,  бугунги кунда қорақалпоқ эстрадасида рақобат йўқ демоқчисиз…

Миран:  Ҳа,  ҳозир рақобат йўқ. Сабаби хонандаларнинг ўзларида қизиқувчанлик йўқ. Сабаби уларда имконият йўқ.

Фурқат Юсупов:  Кўпчилик фақат тўй учун қўшиқ айтаётгандек назаримда?

Миран: Бу борада хонандаларни қўллаб-қувватлайман.  Сабаби улар бошқа томондан даромад кўра олишмайди.  Уларнинг саҳнага кийиб чиқадиган кийими ҳам,  клиплари ва уларни айлантиришга кетадиган ҳаражатлари ҳам тўйдан тушадиган пулга боғлиқ.  Мен ўйлайманки тўй элимизнинг ғазинаси. Менинг ўзим ҳам тўйга чиқаман. Бироқ даромад учун эмас. Тўйга чиқсанг,  бошқа хонандалар билан мулоқот қиласан. Фақат уйда ўтириб ижод қилаверсанг сен ташқи дунёдан узулиб қоласан.

Эслатиб ўтамиз, Нукус Фм радиосида "5х5" эшиттириши ҳафтанинг душанба куни соат 18:00 дан 20:00 га қадар давом этади.  

Бўлимлар