Мўйноқда 6 та лойиҳа балиқчиликни ривожлантиришга йўналтирилган

Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда амалга оширилаётган 72 лойиҳанинг 16 таси қишлоқ хўжалиги, жумладан, 6 таси балиқчиликни ривожлантиришга йўналтирилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Лойиҳаларнинг аксарияти “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилаётир. Бу ерда балиқлар учун тўйимли озуқа ишлаб чиқариш билан бирга, махсус техникалар ёрдамида сув ҳавзаси ва кўлларни тозалаш, балиқ урчитиш, етиштирилаётган маҳсулотларни сақлаш учун музлатгичли омборхоналар барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. 

– Корхонамизда балиқ учун тўйимли, витаминга бой бўлган махсус ем, балиқ овлаш учун турли тўрлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда, – дейди “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонаси менежери Мақсет Тўқсонбоев. – Инкубация цехига хориждан махсус ускуналар келтирилиб ўрнатилди. Йил охирига қадар маҳсулот сақлайдиган музлатгичли омборхоналаримиз ҳам ишга туширилади. 

Корхона жамоаси Жилтирбас, Судочье ва Рибачье сингари табиий кўлларда балиқ урчитмоқда. Айни пайтда Рибачье кўлида 20 киши балиқ овламоқда. Лойиҳа рўёбга чиққач, яна 31 кишининг бандлиги таъминланади. 

Бўлимлар