Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессияси тўғрисида ахборот

2017 йил 25 июль куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни туман Кенгаши раиси, туман ҳокими С.Йўлдошев очди ва олиб борди.

Сессия кун тартибига "Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги "Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисида”ги, шунингдек, туман ички ишлар бўлими ва тиббиёт бирлашмаси бошлиқлари, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг ҳисоботлари ҳақидаги масалалар ҳавола қилинди.

Сессия аввалида 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидан тайёрланган лавҳа намойиш қилинди. Сўнгра туман Кенгашидаги ҳар бир сиёсий партиянинг депутатлик гуруҳлари аъзолари сўзга чиқиб,Президентимиз маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг чора-тадбирлар режасини амалга оширишда фаоллик кўрсатишини айтиб ўтдилар.

Кун тартибидаги иккинчи масала, яъни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар бўйича туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қ.Исмаилов ҳисобот берди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, 2017 йилнинг биринчи ярмида туман бўйича умумий жиноятчилик 92тадан 90 тага камайди. 17 та овул ва маҳаллаларда бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Аммо, туманда айрим жиноятларнинг, жумладан, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, безорилик, оғир оқибатли йўл-транспорт ходиcаси, фирибгарлик, қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ёки портлаш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш каби жиноятлар ўсишига йўл қўйилган. Ҳисоботда бу каби камчиликларнинг олдини олиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала – аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Х.Тажимов ҳисобот берди.

Ҳисоботда қайд қилинганидек, Президентимиз томонидан белгилаб берилган тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишнинг устувор вазифаларини самарали амалга ошириш мақсадида туманда мавжуд 19 та қишлоқ врачлик  пунктлари кенг жамоатчилик факрини  инобатга олган ҳолда мақбуллаштирилиши натижасида 7  та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди ҳамда 2 та қишлоқ врачлик пункти сақланиб қолинди.  Фаолияти тугатилган 10 та қишлоқ врачлик пунктларининг бинолари хизмат уй-жойи сифатида вақтинчаллик шифокорларга фойдаланиш учун топширилди.7 та қишлоқ оилавий поликлиникаларида ва 2 та ҚВПда ижтимоий дорихоналар ташкил қилинди. Ушбу дорихоналарда 116 номдаги маҳаллий ва 227 турдаги чет элда ишлаб чиқарилган дори воситаларининг чекланган нархларда сотилиши йўлга қўйилган. 2017-2019 йилларда тумандагиқишлоқ оилавий поликлиникалари биноларида жами 3 млрд. 685 млн. сўмлик таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича таклифлар берилди.

Маърузада соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, ечимини кутаётган масалалар ҳам борлиги қайд этилди ва уларни самарали ҳал қилиш йўллари хусусида сўз юритилди.

Кун тартибидаги тўртинчи масала – ёшлар билан ишлаш соҳасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Юлдашев ҳисобот берди.

Ҳисоботда бугунги кунда туманимиз аҳолисининг 55 613 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлар бўлиб, ҳозирда уларнинг28 600 нафари ёшлар иттифоқига аъзо экани қайд этиб ўтилди. Янги ташкил қилинган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига барча ёшларни, айниқса уюшмаган ёшларни аъзо қилиш, уларни давлат ва жамият ишларида фаол иштирок этишга жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам ахборот берилди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Б.Кенжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Д.Бекбаевалар иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Кун тартибидаги барча масалалар бўйича фаол мунозаралар, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Депутатлар томонидан билдирилган таклиф, фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Бўлимлар