Амударёда тез ёрдам хизматида чақириқларга 15 дақиқадан ортиқ кечикиш ҳолатлари 85 фоизга камайди

Амударё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Халимовнинг "Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботини муҳокама қилиб, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши таъкидлайдики, мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини сақлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби йўналишларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бу ҳақда Амударё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О. Халимовнинг “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботида келтириб ўтган. 

Давлатимиз Раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 5 январь, 7 февраль, 30 март ва 6 июль кунлари соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган вазифалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишларни мутлақо янги сифат босқичига олиб чиқди.

Мазкур вазифаларни самарали бажариш мақсадида туманда ҳам муайян ишлар олиб борилган. Хусусан, туманда мавжуд бўлган 19 та қишлоқ врачлик пунктини кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда мақбуллаштириш натижасида 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилган ҳамда 2 та қишлоқ врачлик пункти сақланиб қолинган, шундан 10 тасида хизмат уй-жойи қилиб, шифокорларга фойдаланиш учун топширилган.

Туманда фаолият кўрсатаётган барча бирламчи тиббиёт муассасаларининг иш вақти соат 8-00 дан 20-00 гача қилиб ўзгартирилган, бунинг натижасида аҳолига муайян қулайликлар яратиб берилганлиги улар томонидан эътироф этилмоқда.

Шунингдек туман тез тиббий ёрдам бўлимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда туман аҳолисининг кўрсатилаётган тез тиббий ёрдами хизмати сифатини ошириш мақсадида тез тиббий ёрдам бўлими янги 1 та "Nissan” русумлиреанимацион санитар автотранспорти 1 та "Дамас” русумли санитар автомашина, тез тиббий ёрдам бригадалари эса 47 турдаги дори воситалари ва тиббиёт ускуналари билан таъминланган.

Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам чақирувларининг тезроқ бажарилишини таъминлаш мақсадида барча 6 та тез тиббий ёрдам автомашинаси GPS навигаторлари билан жиҳозланган. Натижада тез ёрдам хизматида чақириқларга          15 дақиқадан ортиқ кечикиш ҳолатлари қарийб 85 фоизга камайишига эришилган.

Патронаж ҳамширалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида уларнинг бир кунда камида 6 тадан хонадонга бориши тизимли йўлга қўйилган ва назоратга олинган. Шунингдек тумандаги барча хонадонларга патронаж ҳамшираси ва ҳудудий шифокор, улар билан боғланиш учун телефон рақамлари, қабул вақти тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ташриф қоғозлари етказиб берилган.

Туманда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, ўз ечимини ҳанузгача топмаган бир қатор муаммолар мавжудлиги кузатилмоқда.

Хусусан, тумандаги аксарият тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси талаб даражасида эмас. Масалан, 1 та қишлоқ врачлик пункти биноси бугунги кунда жорий таъмирга муҳтож, 4 та қишлоқ оилавий поликлиникаси бинолари ҳалигача таъмирланмаган.

Соҳада бир қатор муайян ишлар амалга оширилиши билан бирга ўз ечимини топиши зарур бўлган муаммоли масалалар ҳам учрамоқда.

Туманда янгидан ташкил этилган 7 та оилавий поликлиникаларини замонавий УЗИ аппаратлари билан таъминлаш зарур. Шунингдек, бугунги кунда тиббиёт соҳасида энг долзарб муаммолардан бири бўлган кадрлар масаласи ҳам туманда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга тўсиқ бўлиб келмоқда. Янгидан ташкил қилинган оилавий поликлиникаларида врачлар етишмовчилиги мавжуд, булар 16 умумий амалиёт шифокорлари, 2 врач-рентгенологлар, 2 врач-лаборантлар, 5 тез-тиббий ёрдам кўрсатиш шифокорлари, 5 реаниматолог шифокорлари. Энг кўп вакант лавозимлар 2-сонли, 3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда Бердах қишлоқ врачлик пунктларига тўғри келади.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар