Элликқалъада ажралиш арафасида бўлган 11 оила сақлаб қолинди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 15 июнь куни "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятимиздаги соғлом муҳитни янада мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси ва уларни бузғунчилик, зўравонлик, хунрезлик ғояларини тарғиб этувчи зарарли оқимлардан асраш долзарб вазифа экани таъкидланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

– Халқимизнинг неча минг йиллик қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига болта уриш билан баробар бўлган бу хатти-ҳаракатларга асло бефарқ қараб бўлмайди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги Муҳаммад Норинжоний жоме масжиди имом-хатиби Исмоил Отажонов. – Ҳалолликка, покликка, тўғриликка етакловчи динимизни ниқоб қилган ҳолда турли экстремистик оқимлар томонидан ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, Ватанига, халқига хиёнат қилишгача олиб бориш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Бизнинг ҳудудда 4 киши экстремистик оқим аъзоси сифатида рўйхатга олинган. Улардан бири айни пайтда жазони ўташ муассасасида сақланмоқда. Эр-хотинлар қидирувда, тўртинчиси озодликда бўлиб, олиб борилган тушунтиришлар натижасида ўз қилмишидан пушаймонлигини билдириб, тўғри йўлга қайтди ва ҳозир юртимиз равнақи учун сидқидилдан меҳнат қилмоқда. 

Элликқалъа тумани фаоллари, прокуратура, суд, ички ишлар идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Бир жаҳолатга қарши ўн маърифат” мавзусида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ва мунозаралар бундай қабиҳ иллатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Маҳаллалар, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида одоб-ахлоқ, жамоат жойларида юриш-туриш, кийиниш маданияти хусусида ўтказилган суҳбатлар ўз самарасини бермоқда. 

Кўпни кўрган нуронийлар билан бирга жамиятимиз пойдевори – оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оилавий келишмовчиликларни ҳал этишда маҳалла фаоллари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида ажралиш арафасида бўлган 11 оила сақлаб қолинди. 

Мамлакатимизда ёш авлодни буюк аждодларга муносиб, эл-юрт равнақи йўлида масъул инсонлар этиб тарбиялаш, бунинг учун уларга замонавий шароитлар яратиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бериши шубҳасиз. 

Бўлимлар