Нукусда “Маҳалламиз паҳлавонлари” мусобақаси ғолиблари аниқланди

Нукус Олимпия захиралари коллежида “Маҳалламиз паҳлавонлари” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ҳалоллик, бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатларини ўзида мужассам этган миллий курашни янада ривожлантириш, ёш авлоднинг жисмонан бақувват, мустаҳкам иродали, юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар бўлиб улғайиши йўлида барча шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Мусобақанинг маҳаллалараро босқичида 342 фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органидан 4 минг 98 нафар йигит-қиз ўзаро баҳслашди. 

– Жойларда спортни янада оммавийлаштириш мақсадида ўтказилаётган “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Футболимиз келажаги”, “Биз ақл-идрокли оилалармиз”, “Отам, онам ва мен – спортчи оила”, “Маҳалламиз теннисчилари”, “Маҳалламиз бадминтончилари” каби мусобақалар соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг вояга етмаганлар ишлари бўйича мутахассиси Малика Бекманова. – Спортнинг 7 тури бўйича жорий йил бошидан бундай мусобақаларда 48 минг 800 дан зиёд ёшлар ва 19 минг 748 ота-она иштирок этди. 

“Маҳалламиз паҳлавонлари” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида шаҳар ва туманларнинг 15 жамоаси таркибида 90 нафар 13-14 ёшдаги курашчи йигит-қизлар баҳслашди. 

Қизлар ўртасида 44 килограмм вазн тоифасида нукуслик Гулжамол Тангрибергенова, 48 килограмм вазнда Хўжайли туманидан Нафиса Реймбоева, 52 килограммда нукуслик Асал Жалғасбоева ғолиб бўлди. 

Ўғил болалар ўртасида 46 килограммда Хўжайли туманидан Асадбек Айтбоев, 50 килограмм вазн тоифасида Нукус шаҳридан Жўлдасбой Мўшанов, 55 килограммда Қанликўл туманидан Бобур Ободбоев биринчи ўринни эгаллади. 

Жамоалар ўртасида Нукус шаҳри вакиллари ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринга Хўжайли тумани, учинчи ўринга Қўнғирот тумани жамоалари сазовор бўлди. 

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар