Нукусда “Ишбилармон аёл – 2017” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди

Нукусда “Ишбилармон аёл – 2017” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

– Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш партиямиз дастурининг асосий йўналишларидан бири, – дейди ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими бошлиғи Асем Сримбетова. – Партиямизнинг 18 минг 246 аъзосидан 6 минг 765 нафари хотин-қизлардир. Уларнинг 2 мингдан зиёди тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 300 дан ортиқ тадбиркор ва фермер аёл иштирок этди. 35 нафар тадбиркор ва фермер хотин-қиз танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ўзаро баҳслашди. 

Амударё туманидаги “Гўзалой Маҳмуд қизи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулбаҳор Қурбонбекова танлов ғолиби бўлди ва мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўринга Нукус шаҳридаги “Зардил-Дилбар” масъулияти чекланган жамияти раиси Парвоз Ережепова, учинчи ўринга Хўжайли туманидаги “Қуролбоев Дониёрбек” фермер хўжалиги раҳбари Сарвиноз Худойбергенова сазовор бўлди. 

“Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаббускор аёл”, “Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл” каби қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар