Женисбек Пиязов: "Бир пайтлар реп айтганман"

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязовни нафақат, Ўзбекистоннинг опера йўналиши шинавандалари балки дунёнинг деярли барча бурчакларидаги санъатсеварлар яхши танишади. Ўнлаб танловлар ғолиби, очиқкўнгил, ҳазилкаш бу ижодкорни «Даракчи» нашри таҳририятига таклиф этдиб, у билан суҳбат уюштирди.

— Женисбек ака, хонандаликдаги фаолиятингизни реп йўналишида куйлаш билан бошлаганингизни эшитдик, шу ростми?

— (Кулиб) Ҳамма маълумотни биласизлар-а! Мен нафақат реп, балки рок ва эстрада йўналишида ҳам қўшиқлар ижро этганман. Бу йўналишдаги хонанда сифатида 2002 йилларда Қорақалпоғистонда жуда машҳур эдим. Клипларим ҳам йўқ эмас (кулади). 2004 йил овоз мутацияси жараёнидан кейин вокал дарсларига қатнашиб, операга меҳрим уйғонган.

— Ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасидаги жанжаллар, муштумзўрликлар кўпайиб бораётгани ҳақида ўқиб кишининг кўнгли хира бўлади. Бугунги ёшларда бу каби салбий одатлар камайиши учун нималарга эътибор бериш керак деб ўйлайсиз?

— Ҳар бир йигит кишининг ҳаётида муштлашувлар, болаларга хос шўхликлар бўлиши табиий. Шахсан ўзим ҳам урушганман, калтак еган пайтларим ҳам бўлган, аммо сира оқибат, раҳм-шафқатни унутмаганмиз. Калтаклашганимизда ҳам вақтида ўзимизни қўлга олишни билардик. Лекин бугун айрим ёшларда агрессия кучаяётгани одамни хафа қилади. Касбимдан келиб чиққан ҳолда бу муаммога ечим сифатида бир йўлни айтишим мумкин. Яъни, болалар ва ўсмирларда мусиқага меҳр уйғотишимиз шарт! Санъатни тушунган болада бундай агрессияни кўрмайсиз. Чунки мусиқа тинглаш асаб тизимини тинчлантириб, ўзини ўзи бошқара олишни ўргатади. Боланинг бўш вақтни фойдали ишлар билан банд қилиш керак.

— Ҳаётингиз давомида, ички ҳолат ва ўй-фикрларингизни ўзгартирган воқеа бўлганми?

— (Ўйланиб) Ҳаётимда бундай вазиятларга дуч келмаган эканман. Лекин мени доим “рамка”га солиб турадиган бобомнинг бир насиҳатлари бор. Болалигимдан бобом менга “Камтар бўл, бунда гап кўп. Ҳадеб, ўзингга бино қўяверма, пулнинг ортидан қувма” деб кўп қайтарардилар. Бу панд-насиҳат ҳаётим давомида менга кўп бора тўғри йўл кўрсатган.

— Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз...

— Уйланганман, икки ўғлим бор. Шахсий ҳаётим ҳақида кўп маълумот бермайман. Асосийси, тинч ва тўкис, бахтли умр кечиряман, шукр дейман.

— Суҳбатларимизнинг бирида рафиқангиз рашкчи эканини айтгандингиз?

—Тўғри, у жуда рашкчи. Бу одати ўзимга жуда ёқади. Баъзида қизғанмай қўйса, нега рашк қилмаяпти, деб хавотир ҳам оламан (кулади).

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар