Қорақалпоғистонда ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда

Бугунги кунда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар албатта ўз самарасини бермоқда. Қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган ҳосилдорликни ва экин майдонларининг маҳсулдорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 19 мартдаги қарори асосида “2008 – 2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури” тасдиқланиб, ушбу дастур доирасида 2008 – 2012 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 62 миллиард 175,8 миллион сўм Давлат маблағи эвазига умумий 7762,4 км узунликдаги коллекторлар қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон хабар агентлиги хабар бермоқда

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги қарори асосида “2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Давлат дастури” тасдиқланиб, ушбу дастур доирасида 2013-2016 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 120 миллиард 571 миллион сўм Давлат маблағи эвазига умумий 8448,4 километр узунликдаги коллекторлар қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилди. Натижада экин майдонларининг сизот сувлар сатҳи 2-2,5 метргача пасайиб, зах сувларнинг ҳудуддан бетўхтов олиб чиқиб кетилишига ҳамда тупроқлар шўрланиш даражасининг пасайишига, шунингдек 2008 йилдан буён амалга оширилаётган мелиоратив тадбирлар натижасида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатининг яхшиланишига эришилди. Экин майдонларининг маҳсулдорлиги ошиб, пахтадан олинадиган ялпи ҳосилдорлик гектарига 2-3 центнерга, ғалладан олинадиган ҳосилдорлик гектарига 3-5 центнергача ошишига замин яратилди.

Бугунги кунда жами суғориладиган майдонлар 509 минг 564 гектардан иборат бўлса, ушбу майдонларнинг 135 минг 540 гектари тупроқлари шўрланмаган майдонларни ташкил қилади, 2008 йилга таққослаганда тупроғи кучли шўрланган майдонлар эса 21 минг 760 гектаргача камайишига эришилди. Жорий йилги кўрсатгичларга кўра мелиоратив ҳолати яхши майдонлар 125 минг 630 гектарни, қониқарли майдонлар 299 минг 750 гектарни, қониқарсиз майдонлар эса 84 минг 180 гектарни ташкил қилади.

Бўлимлар