Нукусда ёнғин натижасида 3 фуқаро олов ичидан олиб чиқилди

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига, қуйи тизимдаги 1-Ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми ходимлари хизмат олиб бораётган бир пайтда 2016 йили 23 апрел куни соат 12:20 лар чамасида, Нукус шаҳар 22-кичик туман 8/3 уйнинг 10-хонасида истиқомат қилувчи Сейпуллаев Алишер хонадонида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида хабар келиб тушди. Бу ҳақда ҚР ИИВ ЁХБнинг катта муҳандиси А.Жумашов "Тынышлық сақшысы" газетаси орқали маълум қилган.

Содир бўлган ёнғинни тезда бартараф қилиш мақсадида иккита ёнғин ўчириш автомобили жанговор ходимлар билан воқеа жойига қисқа вақт ичида етиб борди. Бу бино бутунлай тутунга қопланган эди. Смена бошлиғи, лейтенант Рустам Сейтирзаев ва қисм бошлиғи муовини, катта лейтенант Салават Розимовлар тезда вазиятни аниқлади, лейтенант Р.Сейтирзаев эса кўп қаватли бинонинг 3 қаватига кўтарилди, мазкур уйнинг 14-хонасида яшовчи фуқаро Ли Александр ва унинг турмуш ўртоғи Хван Валентиналарни тутун қоплаган хонадан олиб чиқди.

Шу пайтнинг ўзида кўп қаватли бинонинг 3-қаватининг дераза томонига уч тирсакли нарвонни ўрнатиб, катта лейтенант С.Розимов деразадан ошиб ўтиб, 13-хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Реймова Маъмурани деразадан қутқарув арқони орқали, тутун тўлган хонадан олиб чиқди. М.Реймовага тезда биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, ўз вақтида касалхонага жўнатилди.

Ушбу ёнғинда қутқариб қолинган фуқаролар ҳеч қандай куйиш, тан жароҳати олмади ҳамда ёнғин қисқа вақт ичида бартараф қилинди.

Бўлимлар