Нукуслик Сарсенбек Жеткербаев ижтимоий суғурта бадалидан қарздор санъаткорлар рўйхатига кирган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни ижодкорлар зиёлилари билан ўтказилган учрашувда эстрада хонандалари учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Бу ҳақда «Дарё»га Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берган.

Хусусан, эстрада хонандалари топган даромадлар солиққа тортилиши бўйича ҳам фикрини билдириб, «Ўзбекистонда эстрада ижодкорлари аҳолига маданий хизмат кўрсатишдан топадиган даромадлари бўйича солиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилинган. Хонандаларимиз ўзининг гастрол-концерт фаолиятини амалга ошириш учун бир йилда бир марта белгиланган тартибда маълум миқдордаги маблағни тўлаб, лицензия олади. Бўлди, бошқа солиқ йўқ. Азбаройи санъатга бўлган ҳурматимиз учун уларни солиққа тортмаяпмиз», — дея таъкидлаган эди.

Чиндан Солиқ кодексининг 180-моддаси биринчи қисми 8-бандига асосан, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган шахслар ушбу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тўлиқ озод қилинган.

Тан олиш керак, ҳеч бир соҳага бундай имтиёзлар берилмаган. Лекин қарс икки қўлдан чиқади, саломга яраша алик ҳам бўлиши керак.

Даромадидан солиқ тўламайдиган санъаткорлар нафақа ёшига етгач, белгиланган тартибда давлатдан пенсия олади. Шу сабабли, улар қонунчиликка кўра ойига 1 минимал иш ҳақи миқдорида, яъни бугунги кунда 149 775 сўм миқдордаги ижтимоий суғурта бадалини тўлаб боришлари лозим бўлади. Бироқ, улар орасида концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиб, даромад олаётган, аммо белгиланган ижтимоий суғурта бадалини ўз вақтида тўламай келаётганлар ҳам оз эмас.

Қўмита ахборот хизмати қарздор санъаткорлар рўйхатини келтириб ўтган. Мазкур рўйхатдан, жумладан, Заррина Маннонова ва Ситора Олимова (Жиззах шаҳри), Отабек Маҳмудов (Фарғона шаҳри), Сарсенбек Жеткербаев (Нукус шаҳри), Ҳусан Тожимирзаев (Наманган шаҳри), Соҳибжон Комилов (Когон шаҳри) Сарвар Хушвақтов (Ургут тумани), Олим Ўрозов (Ангор тумани), Шерзод Муҳаммадиев (Тошлоқ тумани), Мухлис Қурбонов (Шаҳризабз тумани), Ёқубжон Ҳакимов ва Бахтиёр Тойлоқов (Хатирчи тумани), Жамшид Мирсалиев (Зангиота тумани) ва бошқалар, жами 82 киши бор.

Уларнинг ҳар бири ижтимоий суғурта бадалидан 2 миллиондан 4,5 миллион сўмгача қарздор бўлиб қолган.

Бўлимлар