Махсет Ўтемуратов: "Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артистларнинг кўпчилиги бунга нолойиқ" (очиқ гаплар)

Нукус ФМ радиосида "5х5" эшиттиришининг 4-сонида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист Махсет Ўтемуратов меҳмон бўлди. Хонанда эшиттиришнинг биринчи қисмида бошловчилар Фурқат Юсупов ва Шахзада Базарбаеваларнинг саволларига жавоб қайтарди. 

Фурқат Юсупов: Махсет ака келинг даставвал ижоддаги энг сўнги янгиликлар билан таништириб ўцангиз.

Махсет Ўтемуратов:  Охирги пайтларда кўплаб қўшиқлар чиқардим. Бироқ кўпчилик бундан бехабар. Сабаби ҳамма ҳам радио эшитмайди, бозорларда диск сотивчилар йўқ. Шу боис ҳам кўпчилик мухлисларим "Махсет янги қўшиқлар йўқку",  деган саволларни кўп беришмоқда. Бироқ янги қўшиқларим кўп. Аммо "янги клипларингиз йўқку",  деган саволларга жавоб бера олмадим. Шунинг учун яқинда Тошкент шаҳрида дўстимиз Шухрат Мавлонов билан ўйлашган ҳолда, шоир Пердеғалий Дабилов сўзига Султан Қосекеев мусиқасига "Бир гулсен" деб номланган қўшиққа клип суратга олдик. 

Фурқат Юсупов: Қачонга тайёр бўлади бу клип?

Махсет Ўтемуратов: Худо хоҳласа 10 кун ичида тайёр бўлади. Мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами арафасида бу клипни мухлисларимга тақдим этаман.

Фурқат Юсупов: Қўшиқ премьераси телевидениеда бўладими ёки фақат интернет, радио билан чекланиб қоласизми?

Махсет Ўтемуратов: Очиғини айтишим керак, телевидениеда бўлмаса керак. Сабаби ҳозирги пайтда клипни телевидениеда айлантириш учун биринчи навбатда лицензия бўлиши керак, иккинчи навбатда тўловлари ва қоидалари бор. Бунга ҳозирча менда ҳомийлар йўқ. Балки ҳомийлар топилиб қолса ТВ орқали ҳам премьера қилармиз.

Фурқат Юсупов: Яқинда Президентимиз ижодкорлар билан учрашди. Биз телевидение орқали кўрдикки, мана шу учрашувда сиз ҳам иштирок этдингиз. Хўш бу учрашув таасуротлари қандай? Учрашувга киришдан олдин қандай фикрда эдингизу, чиққандан кейин қандай фикр пайдо бўлди?

Махсет Ўтемуратов:  Тўғри айтасиз Фурқатжон. Шу йилнинг 3 август куни ҳаётимдаги тарихий воқеалардан бири бўлди десам адашмайман. Сабаби Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан бир залда ўтирдим. Уларнинг ижодкорларга, шоирларга, актёр,  актрисалар ва эстрада хонандаларига "Сизларни яхши кўришимни ва сизларнинг ижодингизни ҳурмат қилишимни билдирмоқчиман", деб айтган сўзлари бизга ўзгача руҳ бағишлади. Албатта бу ерда хато камчиликлар ҳам, мақтовлар ҳам айтилди. Эстрада хонандаларига тегишли жойи, кўпинча  мукофот, обро учун ижод қилаётганлар ҳам бор.  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист ёки Халқ артисти унвонини олгандан кейин "Сувга синган тошдай бўлиб кетади",  деб айтилган сўзлар  менга ҳам таъсир қилди. Сабаби Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонини олгандан кейин, халқига, элига ҳисобот концертини берган бирорта ҳам хонанда йўқ. Ҳурматли унвонни олгандан сўнг, фақатгина давлат концертларида ўзининг 1-2 қўшиғи билан иштирок этиб юрганлар кўп. Номма-ном айтиб ўтиш шарт эмас, кўнглига келар-келмас, ҳозирги вақтда очиқ ойдин айтиш керак.

Фурқат Юсупов: Келинг энди шу ерда очиқроқ айцангиз. Мисол келтира оласизми, айнан қайси хонандаларнинг ижодидан қониқмаяпсиз? Энди сиз устоз санъаткорлардан бирисиз.  Сизнинг фикрингизни тўғри қабул қилишса керак.  Унвон олганидан сўнг йўқолиб қолган хонандалар кимлар?

Махсет Ўтемуратов: Ҳаммаси. Масалан 2010 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонини олган хонандаларнинг кўпчилигида ҳатто ўз репертуари ҳам йўқ, 3-4 та қўшиғини инобатга олмаганда. Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артистларнинг ҳар бири якка ўзи ҳар бир туманда ўзининг якка концертини берасан деган топшириқ бўлганида ҳаммаси билинар эди. 2 соат давомида бир ўзи концерт бера олармикан, ўша хизмат кўрсатган артист.

Фурқат Юсупов: Улар нима қилиши керак деб ўйлайсиз. Хизмат кўрсатган артист унвонини олгандан кейин нима қилмоғи лозим?

Махсет Ўтемуратов: Ўз устида ишлаши керак, репертуарини бойитиши лозим. Шу унвонни нима учун сизга Халқимиз раҳбарлари берди? Ўзига ўзи савол бериши керак. Нима учун берди? Мен нима қилишим керак? Хизмат қилиш керак. Қандай хизмат қилиш керак? Бориб 10 хонанда ичида хизмат қилиш керак эмас. Туманларга борсин. Энг чекка туманларга бориб бир ўзи 2 соат концерт берсин қани.

Фурқат Юсупов: Махсет ака сиз ҳам хизмат кўрсатган артистсиз. Охирги марта қайси туманга бориб концерт бердингиз? Ўзингиз мисолида айтинг қани?

Махсет Ўтемуратов: Мен охирги 2 йилда яккахон концретимни бермадим. Сабаби, концерт учун, бизга "Ўзбекнаво" рухсат бериши,  топширма бериши керак.  Агар шу ташкилот менга бориб бирор туманда концерт бериб кел деб топшириқ берса,  мен ҳозироқ бориб туманларда концерт беришга тайёрман.  Яқинда Тошкент шаҳридан келган хонандалар билан Мўйноқ туманида концерт бердик.  

Фурқат Юсупов: Демак,  "Ўзбекконцерт" топширма берсагина, туманларга чиқиб концерт берасиз. Ўзингиздан хоҳиш бўлиб, таклиф билан чиқмайсизми?

Махсет Ўтемуратов: Агар менинг хоҳишим амалга ошганда, ҳамма туманларда концерт берар эдим. Бироқ биринчи навбатда концерт бериш учун ИИВга хат билан чиқиб, тартиб интизомни сақлаш,  авфсизликни таъминлаш лозим. Агар туман раҳбарлари илтимос қилишса ҳам, мен бориб концерт беришга тайёрман.

Фурқат Юсупов: Бу йил қайси туманга бориб концерт беришни вада бера оласиз. Ҳеч бўлмаганда битта туманга бориб концерт бераман деб вада бера оласизми?

Махсет Ўтемуратов: Мен барча туманларга бориб концерт беришга вада бера оламан.  Агар ўша туман мени таклиф қилса,  ҳеч иккиланмасдан концерт бераман.  Ўзи шундоқ ҳам концерт бергим келиб юрибди.  Бу йил концерт бермаган эдим.    

Фурқат Юсупов:  Албатта биз кутамиз ва йил охирида мана шу айтган гапларингизни сизга эслатамиз.

 

Бўлимлар