92 ёшли Ўтамурод бобонинг II-жахон уруши хотиралари

Amunews.uz: Яқинда Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, "Қипчоқ” овули марказида истиқомат қилувчи, айни кунда тўқсон иккинчи баҳорни қаршилаётган табаррук инсон Ўтамурод бобо Бозорбоев хонадонида бўлиб, у билан самимий суҳбатлашдик. Бу оддий, камтар, очиқкўнгил, инсон билан суҳбатлашишнинг гашти ва завқи бошқача.

У уруш воқеалари ҳақида ҳикоя қиларкан, жумладан шуларни айтди.

- Мен 1943 йил мартда Қипчоқ туман ҳарбий комиссариатидан ўз тенгқурларим билан бирга жангга отландим. Дастлаб Хивада уч ойлик ҳарбий-тактик машғулотларни адо этдик. Бу ерга Қорақалпоғистон бўйича йигитлар тўпланган эди. Ўша пайтда мен ўн тўққиз ёшда эдим. Бизлар дарё пароходига ва унга тиркалган баржаларга миниб, Мўйноққа етиб келдик. У ерда денгиз кемасига чиқиб, катта Аралск портида тушдик. У ердан бир эшелон бўлиб поездда йўлга чиқдик ва Челябинск вилоятидаги Чубаркул станциясига етиб бордик. У ердан бизларни 1-Украина фронти томон жўнатишди. Харьков шаҳри томон йўл олдик. Бу пайтда Харьков душмандан эндигина озод қилиниб тозаланган экан. Қолган-қутган душманга сездирмаслик учун туни билан яёв йўл юриб, у ерга етиб бордик. Эртасига Днепр дарёсидан кечиб ўтиш учун бир неча юзлаб қарағай дарахтларини кесиб ундан катта-катта соллар ясадик ва бу солларга ҳарбий техникаларни юклаб, дарёдан омон-эсон ўтиб олдик. Негаки, илгари дарёга қурилган катта кўприк душман томонидан бузиб ташланган экан. Дарё бўйида жойлашган Днепропетровск шаҳри яқинидаги бир қишлоқда душманнинг қолдиқ кучлари билан юзма-юз келишимизга сал қолди. Дарҳол мудофаа учун окоплар қазидик. Шу пайт душман танклари биз томонга ўқ ёғдириб кела бошлади. Биз уларга етарли қаршилик  кўрсата олмадик. Чунки бизда танкка қарши отадиган қуролларимиз йўқ эди. Танклар устимизга етиб келганда бизлар окопда ётиб олдик. Танклар эса окопларни роса эзғилаб, айланиб-айланиб кетди. Менинг ёнимдаги 13 нафар жангчиларнинг  10 нафари окоп тубида қолиб кетди. Бир амаллаб тупроқ остидан ер юзасига чиқиб олдим. Қолган 2 нафар жангчиларнинг тупроқ тагидан чиқишига ёрдам бердим. Кейин олдимиздаги қишлоққа етиб борганимизда учта немис бомбардимончи самолётлари бизларни аёвсиз кетма-кет бомбалай кетди. Бу даҳшатли бомбалардан еру осмон бир бўлиб қолди. Бир пайт қарасам, ёнимга тушган бомба тупроғи  тагида кўмилиб қолибман. Бир қуролдош жангчи дўстим мени зўрга тупроқ остидан ковлаб олибди. Мен контузия бўлган эканман. Бу 1943 йил охирларида юз берган эди. Янги 1944 йилни Саратов госпиталида кутиб олиб, май ойигача даволандим...

Шундай оғир дамларни бошидан кечирган  Ўтамурод бобо  уруш тугагач она юртига қайтиб келиб, оилали бўлди ва бахтли ҳаёт кечирди.

- Ҳозирги кунда 25 невара ва 30 эваралар  даврасида бахтли ҳаёт кечирмоқдаман. Менинг ягона тилагим энди ҳеч қачон ер юзида уруш бўлмасин! Ҳар куни, ҳар соатда ва ҳамиша тинчлик қадрига етайлик. Бугунги ободлик ва фаровонлик тинчлик туфайлидир, - дейди табаррук инсон Ўтамурод бобо Бозорбоев дуога қўл очаркан.

Ҳа, тинчлик – олий қадрият. Унинг қадрига етишни барчамизга муяссар қилсин!

Бўлимлар