Амударё туманида кўмирдан брикет тайёрланмоқда

Амударё туманида куз-қиш даврида аҳоли ва бюджет ташкилотларининг кўмир ҳамда ундан тайёрланадиган брикетга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлигининг телеграмдаги саҳифасида хабар берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 июлдаги “Республикада кўмир брикетлари ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлаётир. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлашда кўмир брикети ишлаб чиқарувчи кичик бизнес субъектлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Куюк кўпир овулида ташкил этилган, кўмир кукунларидан брикет тайёрлашга ихтисослашган цехда ҳудуднинг 8 нафар ёшлари иш билан таъминланган. Корхонада Ангрен кўмир конидан келтирилаётган хомашёдан кунига 30 тонна атрофида сифатли брикет маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Цех маҳсулотларига харидорлар сафи эса кун сайин кўпаймоқда.

Цехда ишлаб чиқариш жараёни конвейер усулида жорий этилган. Дастлаб, кўмир махсус майдаловчи ускунадан ўтади. Ёғоч қипиғи кўмир кукунига аралаштирилиб, навбатдаги мосламада зичланади. Кейин зарур кимёвий компонентлар қўшилиб, брикет ҳосил қилинади. Тайёр маҳсулот эса махсус қуритиш аппаратига жўнатилади.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар